ПАХТА ТЕРИШ АГРЕГАТЛАРИДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИЛАЯПТИ?

Пахтачиликда машина терими иш унумдорлигини оширади. Ҳосилни барвақт йиғиштириб олишда терим агрегатларининг ҳиссаси катта.

Бу ҳақда гап борар экан, ўтган асрнинг 80 йилларида Жиззахнинг ҳосилни машиналарда териб олишдаги довруғи беихтиёр ёдимизга келади. Ўшанда вилоятимиз пахтазорларида 4,5-5 мингта машиналар мавсумда иштирок этиб, кунига йиллик режага нисбатан 5-6 фоиз миқдорида пахта тайёрланган. Сўнгги йилларда ҳукуматимиз саъй-ҳаракати билан мавсумда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида яна терим машиналари кучидан самарали фойдаланишга эътибор қаратилмоқда. Эндиликда эски русумли терим агрегатлари ўрнини замонавий, юқори унум билан ишловчи пахта териш машиналари эгаллади.

Жорий йилда режадаги 290 минг 680 тонна ҳосилнинг 255 минг 380 тоннаси терим машиналари кучи билан йиғиштириб олинади. Шу мақсадда бу йилги мавсумда 284 та турли русумли агрегатлардан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Вилоятимизда пахта териш машиналарида терилган ҳосил тўғрисидаги тезкор маълумотда айтилишича, шу куни мавжуд агрегатларнинг 117 таси ҳосил теришга жалб этилган. Уларнинг кучи билан далалардан 2509 тонна ҳосил териб олинди. Бу кечагига нисбатан 753 тонна кўп демакдир. Ҳозиргача 7 минг 372 тонна ҳосил агрегатлар қутисидан тўкилди.

Машиналардан Дўстлик ва Пахтакор туманларида унумли фойдаланилмоқда. Мазкур туманларда бир кунда агрегатлар кучи билан 615-635 тоннадан ҳосил саранжомлаб олинди.

Абдушукур ЛАПАСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *