ПИЛЛАКОРЛАРНИНГ МЕҲНАТ ҒАЛАБАСИ

Ҳукуматимиз томонидан сўнгги йилларда пиллачилик ва ипакчилик соҳасини янги босқичга кўтариш, тизимга янги лойиҳалар ва инвестиция киритиш, моддий манфаатдорликни ошириш бўйича  соҳага тааллуқли қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Жумладан, 2024 йил 3 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасини янги босқичга олиб чиқишнинг устувор йўналишлари кўрсатиб берилган.

Соҳада инвестиция муҳитини яхшилаш, хомашё базасини кенгайтириш, ипак қурти уруғи ҳажмини кўпайтириш, пилла етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали соҳадаги бандликни икки баробарга ошириш, бозор механизмларини жадаллаштириш вазифалари белгиланган.

Ҳозирда республикамизда пилла етиштириш эркин шартномавий муносабатлар ва ихтиёрийлик асосида ташкил этилган. Пиллачилик агрономлари маҳалла фаоллари билан кенгашган ҳолда аҳолининг банд бўлмаган қатламини пиллачилик йўналишига жалб қилмоқда. Пилла Ушбу соҳа билан шуғулланган фуқароларга қатор имтиёзлар берилаяпти. Даромад солиғидан озод қилиш, бир йиллик меҳнат стажлари бериш, ҳосил олдидан бўнаклар тарқатиш шулар жумласидандир.

Жорий йилда вилоятимизда 6455 та фермер хўжаликлари, 1112 нафар касаначилар билан тузилган шартномага мувофиқ 16669 қути ипак қурти парваришланиб, сифатли ва мўл ҳосил олинишига эришилди. Энг асосийси, об-ҳаво қуруқ келди, ипак қурти озуқасида муаммолар кузатилмади. Бу эса ютуқлар гарови бўлди, – дейди вилоят “Агропилла” МЧЖ раҳбари Кенжабой Куканов.

Вилоятимиз пиллакорлари йилнинг қалдирғоч ҳосилини қисқа фурсатда йиғиштириб олиб, 1000 тонналик шартномавий  режани ортиғи билан бажардилар. Улкан хирмонга мавсумда пешқадамлар сафида борган Дўстлик, Шароф Рашидов, Пахтакор, Ғаллаорол, Зарбдор, Бахмал тумани пиллакорлари муносиб улуш қўшишди.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *