“ПРЕЗИДЕНТ БИЛАН УЧРАШМОҚЧИМАН”

Маълумотларга кўра, туманда 41 минг бош йирик шохли, 125 минг бош майда шохли мол мавжуд. Азалдан чорвадор халқ сифатида танилган янгиободликлар даврга мос тарзда чорвачиликни янада маҳсулдор қилишга киришганлар.  

Янгиобод туманининг Чаканд қишлоғилик Алишер НАСРОЕВ хонадонида бўлган одам зотдор молларга тўла қўрасини кўриб ҳавасини яширолмайди. Ҳар бири тепаликдай сигирлар “тезроқ соғиб олишсайди” деяётгандай бетоқат, ўртада улардан-да катта буқа шохсиз, аммо улкан бошини қимирлатиб, пишқириб қўяди. Унча мунча одам юраги бетлаб жониворлар олдиган яқинлаша олмайди Алишер ака, ўғиллари уларнинг тилини топишган. Улкан бўлса-да беозор ҳайвонларга меҳр бериб, маҳаллий шароитга мослашнинг уддасидан чиқишди.

– 40 тагача қорамол боққанмиз, – дейди Алишер ака. – Жайдари мол эди бари. Атрофимизда янгиликлар кўп, шуларнинг бири зотдор молларни маҳаллийлаштириш. Мен ҳам сўраб-суриштирдим, ўргандим, кейин 4 бош зотли мол сотиб олдим. Уч йил ичида 20 та бўлди. Ҳам кўпайди, ҳам сотганимнинг фойдасига яна бошқаларини сотиб олдим. Ангус, смента зотли моллар ҳам гўшт, ҳам сут беришда жуда сахий. Битта сигир бир кунда 60 литргача сут беради. Сутнинг таркиби жуда қуюқ, қаймоқли. Ҳозир қурут ва қаймоқ ишлаб чиқарадиган иккита МЧЖ га маҳсулот етказиб бераман. Солиштириш учун айтай, одатда янги олинган қаймоқ суюқ, чўзилувчан бўлади. Бу молларнинг янги олинган қаймоғига қошиқ тиқсанг тикка туради.

Албатта, чорвадорнинг бу натижага эришгунча йиллаб машаққатли меҳнати сарф бўлган. Бугун тўнғич ўғли Оғабек Самарқанд ветеринария институтида таҳсил олмоқда. Кенжаси Обиджон Тошкент қишлоқ хўжалиги институтида давлат гранти асосида ўқияпти. Меҳнатнинг ширин нонини еб улғайган ўғиллари ота ишини давом эттириш ниятидалар. Алишер ака билганларини қизғанмайди. У каби даромадли бўлишни истаган кишиларга эринмай, яширмай бор тажрибасини ўргатади. Ўзи ҳам кўп йиллар тумандаги боғчалардан бирига кунига 10 литр сутни беғараз етказиб турди. Ана шундай қўли очиқ, меҳнаткаш инсоннинг суҳбатимиз охиридаги гаплари мени ҳам тўлқинлантириб юборди.

-Бу ташаббуслар нимадан ҳаммаси? Президентимизнинг яратган шароитлари, “тадбиркор бўл, бой бўл” деган қўллашларидан. Мен ўзим учун эмас, бошқаларга ҳам ўргатиш учун шунча йўлни босиб ўтяпман. Мақсадим – Президент билан учрашиш, унга илҳомбахш сўзлари учун миннатдорлик билдириш.

Бугун туманда одамларнинг кайфияти ўзгача. Мурожаатлар сони кейинги йилларда кескин қисқарди, тадбиркорлик қилиш мақсадида олинган банк кредитлари салмоғи илк марта 4 млрд сўмга етди. Ҳали ижтимоий ғамхўрлик сабаб тақдири ўзгарган инсонлар, ҳаётига мазмун кирган кексалар ҳақида гапирмадик. Янгиободнинг янгиланаётган қиёфаси— бу фақат кўчалар ёки бинолар эмас, балки қалблардаги умид, тафаккурдаги уйғониш ва келажакка талпинаётган юртнинг маънавий тикланишидир. Инсон ўзини бошқара олса, ўзини руҳан ва ақлан жамлай олса, у катта кучга, ҳатто бир лашкарга тенг қудратга эга бўлади. Кичик туманнинг катта имконияти ана шунда.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *