РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ ЖИЗЗАХДА

Жорий йилнинг 24 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Республика ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида ўрганиш ва мониторинг ишларини олиб бораяпти.


Унда вазирликлар, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, тижорат банклари, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.
11–12 март кунлари дастлаб Жиззах давлат педагогика университети ҳамда Жиззах политехника институтида мини-футбол, стол тенниси, волейбол, енгил атлетика, стритбол ва бадминтон бўйича “Талабалар лигаси” мусобақалари ўтказилди.


Тадбир давомида ишчи гуруҳ Жиззах политехника институтининг Автомобилсозлик муҳандислиги мактаби фаолияти билан танишди. Комиссия аъзолари “Электромобилларга техник хизмат кўрсатиш” ўқув курсида таҳсил олаётган ёшлар билан учрашиб, соҳадаги замонавий технологиялар ва йўналиш истиқболлари ҳақида фикр алмашишди. Шунингдек, талаба-ёшлар томонидан амалга оширилаётган илмий лойиҳалар ва инновацион ишланмалар билан яқиндан танишдилар.
Ўрганишлар давомида Жиззах шаҳридаги “Сармоя” китоб дўкони, ЖДПУ қошидаги 24/7 фаолият юритувчи кутубхона ҳамда китоб дўконлари ва ўқув марказлари раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, ҳудуддаги бир қатор ўқув марказлари раҳбарлари билан самимий ва очиқ мулоқотлар ташкил этилди, таълим соҳаси вакиллари, нашриёт ва китоб дўконлари раҳбарлари билан ҳам фикр алмашилди.


Ишчи гуруҳ Жиззах шаҳридаги 22-умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, педагогик жамоа фаолияти ва ўқувчиларнинг билим ҳамда ижодий салоҳиятини ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишди. Мактабда фаолият юритаётган “Турон” мактаб театри жамоасининг чиқишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, Жиззах шаҳридаги 6-умумтаълим мактабида хорижий тиллар, китобхонлик ва инклюзив таълимга қаратилган ишлар ўрганилди. Ўқувчиларнинг турли фан йўналишларидаги ютуқлари ва уларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *