Солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш орқали қисқа муддатли манфаат кўришга уриниш охир-оқибат жиноий жавобгарликка олиб келади. Ҳисоб-китобларда маълумотларни яшириш, молиявий операцияларни расмий ҳисобдан четда амалга ошириш каби қонунбузилишлар давлат бюджетига жиддий зарар етказиши билан бирга, фуқаролар учун оғир ҳуқуқий оқибатларни ҳам келтириб чиқаришини унутмаслик керак.
Зафаробод туман судида кўриб чиқилган жиноят ишида Сардор Абилов ва Аширмат Калоновлар (исм-шарифлари ўзгартирилган) ўзаро тил бириктириб, «Ж.О.Т.Л» МЧЖдаги фаолияти орқали йирик миқдордаги солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлагани аниқланди. Улар 2024 йил давомида корхона томонидан амалга оширилган 8,9 миллиард сўмлик хизматларни солиқ ҳисоботларида акс эттирмасдан, давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган 1,9 миллиард сўм миқдордаги солиқларни яшириб келган. Шунингдек, 5 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги товарларни нақд пулга сотиб, тушумни назорат-касса машиналари орқали расмийлаштирмасдан, савдо қоидаларини бузган.
Суд томонидан С.Абилов ва А.Калонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми ҳамда 189-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. С.Абиловга аввалги жиноятлари бўйича чиқарилган суд ҳукмига кўра ўталмаган жазо қисмлари ҳам қўшилган ҳолда 4 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, А.Калоновга эса 4 йил 2 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, улардан давлатга етказилган 1,9 миллиард сўм моддий зарарнинг солидар тартибда ундирилиши белгиланди.
Турабек НУРИТДИНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг тафтиш бошқармаси катта тафтишчиси.