ТИНЧЛИК БЎЛМАСА ТАРАҚҚИЁТ БЎЛМАЙДИ.

Юртимиз мустақилликка эришган кунлардан бошлаб давлатимиз  ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини тўла таъминлаб бера оладиган, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган демократик жамият қуриш учун тинимсиз ҳаракат қилиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Коституциясининг 31-моддасида шундай дейилган “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади.  Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга.  Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”.                                                                            

Ислом дини таълимотига кўра инсонларни ёки жамоаларни бирор динга мажбуран киритиб бўлмайди. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай хабар берилади: Динда мажбурлаш йўқ, зеро тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлади. (Бақара 256). Ватанимиз кўп миллатли халқ бўлиб, ҳозирги кунда бу ерда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, тинч-омон, аҳил –иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.                                      

Диний бағрикенглик деганда мусулмонлар истилоҳида мурувват дейилади. Мурувват,  диний бағрикенглик Исломнинг тамалтоши, эътиқод ва динлар тарихидаги бир  омилдир.    Ислом дини аввал бошиданоқ инсониятга асл мурувватни, ислом аҳлига ҳатто бошқа дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Ислом дини ўзидан олдинги самовий динларни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакилларига чексиз мурувватлар кўрсатишган. Манбааларда келтирилишича: Пайғамбаримиз (сав) Мадинага келганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди.                             

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 16 та диний конфессия ва 2236 та диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Ушбу кўрсаткичлар мамлакатимизда диндорлар ўз эътиқодлари билан боғлиқ бўлган барча ибодат ва маросимларни эмин-эркин адо этиб, миллий ва диний байрамларини ўз анъаналарига мувофиқ нишонлаётганини кўрсатади. Мустақиллик йилларида республикамизда юзлаб масжидлар қурилди. Шулардан  баъзилари қайта таъмирланиб замонавий талаблар асосида ободонлаштирилди.                                                                                                                                                                                                           

Бизга маълумки, 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан  “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси” қабул қилинди. Декларацияда ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъий назар, бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларга ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлар акс этган. Шунинг учун ҳам юртимизда 16 ноябрь- “Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинган. Бағрикенглик тамойиллари Декларациясида шундай қайдлар бор: Бағрикенглик бўлмаса, тинчлик бўлмайди, тинчлик бўлмаса, тараққиёт бўлмайди. 

                                                                                                                                                    Отабек ЮЛДАШЕВ, 

                                                                                                                  Фориш туманининг бош имом-хатиби. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *