Сир эмас, иқлим ўзгариши, глобал исиш жараёнлари натижасида сўнгги йилларда ёғингарчилик сезиларли даражада камайган. Янгиобод тумани атрофи текисликлардан, қир-адир ва тоғлардан иборат. Бу ерда асосан чорва боқилади, боғ, томорқа билан шуғулланилади. Деҳқончилик учун оқар сув муаммоси мавжуд.
Дўстлик МФЙ Намингон қишлоғида яшовчи Пардабой Эшонқулов томорқасини суғоришда ақл билан иш кўриши натижасида сувдан тежамкорлик билан фойдаланяпти. 35 сотих ерига замонавий томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйиб, ҳар бир ўсимликка ҳаёт манбаини аниқ ва тўғри етказяпти, натижада мўл ҳосил олишга ҳам эришяпти.
– Сув тўғридан тўғри томорқага йўналтирилса, кўп қисми исроф бўлади. Ҳаммага бирдек етиб бормайди, – дейди Пардабой ота. – Водийга борганимда пиёз етиштирувчи деҳқонларнинг томчилатиб суғориш усулини ўрганиб келгандим. Дастлаб крайник, катта эгилувчан қувур, томчилатиш шланги, катта ҳажмли идиш сотиб олдим ва томорқамнинг бир қисмида томчилатиб суғоришни синаб кўрдим. Натижада сув икки баробарга тежалди. Кейинги йили боғимнинг қолган қисмларига ҳам шу усулни қўллай бошладим. Бу ернинг аҳолиси ерга меҳр берган. Ҳар бир хонадоннинг ўзига яраша томорқаси, боғи, чорваси бор. Бекорчи одамнинг ўзи йўқ. Томчилатиб суғоришнинг самараси ҳақида қўшниларимга ҳам айтиб бердим. Ҳозирда ўн нафар ҳамқишлоғим шу усулда деҳқончилик қиляпти. Томорқада рўзғоримиз учун керакли бўлган жамики маҳсулот бор. Рўзғордан ортгани бозорга, бир кун олдин 150 килограмм картошкани сотувга топширдик.

Тадбиркорлик билан фойдаланилаётган ернинг бир қисмида иссиқхона ташкил қилинган. Унда етиштирилаётган лимон декабрь ойида пишиб етилиб, бозор расталарига йўл олади. Бир томонни эгаллаган бодомзорда аллақачон ҳосил йиғиб олиш ишлари бошланган. Қаҳрамонимиз ернинг бир қисмига 70 туп хандон писта экиб, биринчи ҳосилни йиғиб олиш арафасида экан.
– Пардабой Эшонқулов туманимизнинг фаол нуронийларидан, – дейди “Нуроний” жамғармасининг Янгиобод туман бўлими раҳбари Холбой Тилаков. – У кўп йиллар 10-умумтаълим мактабида директорлик қилди. Фарзандлари ҳам отасининг изидан бориб, ёш авлодга таълим бериб келишяпти. Туманимизнинг намунали оилаларидан бири сифатида бошқаларга ҳар томонлама ўрнак. Пардабой тез тез кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб туради. Ёшларни иш билан таъминлаш, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш борасида ўзининг маслаҳатларини аямайди. Яқинда “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” танловининг туман босқичида фахрли 3-ўринни олгани ҳам Пардабойнинг тиниб тинчимаслиги, жонкуярлигининг бир кўринишидир. У ҳамқишлоқларини сувни тежаб ишлатишга ундашдан чарчамайди. Бунинг учун томчилатиб суғориш усулини кенг тарқатишни мақсад қилган.
Аслида экологик инқироз сабаб табиат ҳар биримиздан сувга нисбатан тежамкорликни, хурматни талаб қиляпти. Келажак авлодга етарлича тоза ичимлик суви етиб бориши йўлида Пардабой Эшонқуловдек инсонларнинг ташаббускорлиги жуда қиммматли.
Шаҳноза МАНСУРОВА