Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Пасха муносабати билан Ўрта Осиё митрополит округи раҳбари, Тошкент ва Ўзбекистон Митрополити Викентий Жиззахга ташриф буюрди.
У вилоятимизнинг “Авлиё Наколай” бош ибодатхонаси раҳбари Николай отанинг 80 ёшлик юбилейи муносабати билан унга Бутун Россия ва Москва Митрополити Кирилл номидан Рус православ черкови олдидаги буюк хизматлари учун III даражали “Авлиё Серафим Саровский” орденини тантанали равишда топширди.
Шунингдек, Рус православ черкови, Тошкент ва Ўзбекистон епархияси ташаббуси билан бир гуруҳ пойтахтлик истеъдодли ёшлар ҳам воҳамиз меҳмони бўлишди. Улар вилоятимизда фаолият олиб бораётган “Авлиё Николай” ибодатхонаси аъзолари билан Пасха маросимларини ўтказишиб, бир-бирларини байрам билан табриклашди.
Шундан сўнг Ғаллаорол туманида “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди!” шиори остида маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилди. Аскар йигит-қизлар образларида қўшиқлар куйланиб, рақслар ижро этилди.
Маросимлар, самимий суҳбатлар сўнгида бағрикенглик улуғланиб, маънавий бирлик мустаҳкамланиб бораётган юртимизда тинчлик, фаровонлик бардавом бўлиши учун дуолар қилинди.
Наталья БЕСЕДИНА.