УЧҚУЛОЧДА АВТОРАЛЛИ МУСОБАҚАСИ ЎТКАЗИЛДИ

Кеча Фориш туманидаги Учқулоч пойгагоҳи авторалли бўйича Жиззах вилояти кубогининг биринчи босқич мусобақасига мезбонлик қилди. “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси, вилоят спорт  ҳамда  транспорт бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган мусобақада мезбонлардан ташқари, қўшни Сирдарё, Самарқанд ва Навоий вилоятларидан ташриф буюрган 14 та экипаж аъзолари ғолиблик учун стартга чиқишди.

23 километрлик масофага бориб келиш мажбуриятини олган пойгачилар тупроқ ва қумли мартшрут бўйлаб ҳаракатланишар экан, бу борада спортчилардан моҳирлик, абжирлик ва албатта, ирода талаб этиларди.

—А-8 синфидаги автоуловларда иштирок этаётган пойгачилар илк бор бу майдонда синовдан ўтказилаётир, —дейди “Ватанпарвар” ташкилоти Жиззах вилояти кенгаши ҳузуридаги амалий спорт маркази раҳбари Шуҳрат Ҳатамов. Келажакда авторалли бўйича қатор республика мусобақаларини ўтказиш учун бу пойгагоҳ бежиз танланмади. Эндиликда пойгагоҳ майдонини 400 километргача кенгайтиришни режа қилганмиз. Бу ерда иштирокчилар, ҳакамлар, томошабинлар учун қулайликлар яратилинади.

Республикамиз Мустақиллигининг 33 йиллигига бағишлаб ўтказилган Форишдаги авторалли баҳсларида самарқандлик Шуҳрат Обиджонов ва Сайфиддин Муйдиновдан иборат экипаж биринчи бўлиб маррага етиб келди. Сирдарёлик Элёр Муллажонов, Файз Жўрақуловлар иккинчи, мезбонлар Жамшид ва Хуршид Ғаниевлар экипажи фахрли учинчи ўринни банд этишди.

Мусобақа якунида ғолиб деб топилган ҳамда совринли ўринларни эгаллаган спортчиларга таъсисчилар ва ҳомийларнинг диплом, медаль, эсдалик совғалари топширилди.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *