Абдураим Лапасов — олий тоифали артист, труппа мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ва болалар шоири сифатида кенг жамоатчиликка танилган ижодкордир.
У 2022 йилдан буён ҳар йили ўз ижод намуналарини нашр этиб келмоқда. Унинг “Умр дарахти”, “Юрт қадри”, “Нур бўлиб яша”, “Мен ўша” номли шеърий тўпламлари китобхонлар меҳрини қозониб улгурган.
Шунингдек, унинг ижод намуналари “Юрак садолари”, “Маърифат чироқлари” алманахлари ҳамда “Жиззах адиблари” номли уч томлик антологиядан ҳам муносиб ўрин олган.
Яқинда эса ижодкорнинг “Умр сўқмоқлари” номли навбатдаги шеърий тўплами нашр этилди. Ушбу китобга Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос олим, профессор Раҳматилла Баракаев сўз боши ёзар экан, Умр сўқмоқлари аслида жуда яхши умр сабоқлари бўлганлигини таъкидлайди.

Бугун, 25 март куни Жиззах вилоят мусиқали драма театрида мазкур китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раҳбари, ёзувчи ва шоира Меҳрибон Абдураҳмонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Олия Эштўхтарова, Жамила Деҳқонова, Раиса Абдуллаева, Жўра Исроилов каби ижодкорнинг ёр-дўстлари, шогирдлари, ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбир аввалида Меҳрибон Абдураҳмонова сўзга чиқиб, Абдураим Лапасовни янги китоб билан муборакбод этар экан, ўз болалагини ёдга олиб қўшиқ ҳиргойи қилди. Даврага самимийлик ва кўтаринки кайфият улашган қўшиқ шеър ва беозор аскияларга уланиб кетди.
Китоб тақдимоти кўтаринки кайфиятда, байрамона шукуҳда бўлиб ўтди.
Чарос Ёқубова,
театр адабий бўлим мудири.