ШИМОЛИЙ МАКЕДОНИЯ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЖИЗЗАХДА

Вилоят ҳокимлигида  Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов  Шимолий Македония Республикасининг нуфузли “Alkaloid AD Skopje” йирик фармацевтика компанияси вакиллари билан учрашув ташкил этилди.   Учрашув давомида келгусида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар жараёнида Зафар Азимов томонидан Жиззах вилоятида тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, мавжуд захиралари ҳамда инвестициявий жозибадорлиги ҳақида батафсил тақдимот ўтказилди.

Шунингдек, тақдимот доирасида Зомин туманида ташкил этилган “Зомин Фарм” эркин иқтисодий зонасидаги имкониятлар, соҳа учун яратилган имтиёзлар ва инфратузилма шароитлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Alkaloid AD Skopje” компанияси 85 йилдан ортиқ вақт давомида Шимолий Македонияда дори воситалари, косметик ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, ўсимлик хомашёсини қайта ишлаш соҳасида фаолият юритиб келмоқда.

Компания акциядорлик жамияти шаклида фаолият олиб боради ва унинг асосий йўналишлари фармацевтика ҳамда кимё саноати, шунингдек, косметика ва ўсимлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан иборат.

Бугунги кунда компания Шимолий Македонияда 2200 дан ортиқ ишчи-хизматчи билан фаолият юритиб, мамлакатдаги энг йирик иш берувчилардан бири ҳисобланади. Унинг йиллик товар айланмаси 340 миллион еврога етган. Компания таркибида мамлакат ичида 2 та шўъба корхона, хорижда эса 20 та шўъба корхона ва 2 та ваколатхона фаолият кўрсатмоқда. Улар Сербия, Черногория, Косово, Албания, Босния ва Герцеговина, Хорватия, Словения, Швейцария, Болгария, Туркия, Украина, Россия Федерацияси, АҚШ, Буюк Британия, Руминия ва Қозоғистон каби давлатларда жойлашган.

Музокаралар якунида экспорт ва инвестиция масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, келгусида ташқи савдо операцияларини амалга ошириш бўйича келишувга эришдилар.

Учрашувдан сўнг хорижий меҳмонлар чет эл инвестициялари иштирокида ташкил этилган қатор корхоналарга ташриф буюриб, уларнинг иш фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *