Атроф-муҳитни асраш нафақат Ватанимиз ободлиги ва чиройини таъминлайди, балки “Яшил макон” лойиҳасининг амалга оширилиши саломатлигимизни сақлашда ҳам асосий омил вазифасини бажаради. Ҳозирги кунга келиб табиат софлиги энг долзарб масалага айланди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатга ва одамлар соғлиғига зарар етказмоқда. Юртимизда бу олдиндан англаниб, атроф-муҳитни асраш чоралари кўрилмоқда.
Бу борада Юртбошимиз ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатлари экиш анъанаси йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳа доирасида йилига республикамизда 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланди. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида вилоятимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳам борган сари кенгайиб бормоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг жорий йилги куз мавсумида вилоятимиз бўйича 9 млн 842 минг беш юз туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган бўлиб, илмий тавсиялар асосида ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос келадиган дарахт кўчатларини экиш ва парваришлаш учун масъулларни бириктириш, суғориш тизими ва молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда шаҳар ва туманлар манзилли дастурлари тасдиқланди. Умуммиллий лойиҳанинг кузги мавсумини самарали ўтказиш мақсадида кўчатлар заҳираси шакллантирилди.
Вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, вилоятимизда 2025 йилги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида фермер хўжаликлари ва пахтачилик-ғаллачилик кластерларининг далалари четларида ихотазор, боғзорлар ва токзорлар, янги тутзорлар, қишлоқ ҳамда маҳаллалар фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги аҳоли томорқалари атрофида, ўрмон фонди ерларида, автомобиль ва темир йўллар бўйларида, дарё, канал, зовурлар атрофида, ижтимоий соҳа комплекслари, уларга туташ жойларда, тижорат банклари ҳамда чиқинди полигонлари атрофида боғ-роғлар, дарахтзорлар, ўрмон ва яшил белбоғлар барпо этилади. Жорий йилнинг 9 декабрь санасига қадар вилоятимизда 7 млн 777 минг туп кўчатлар экиб бўлинди. Туманлар кесимида умуммиллий лойиҳада Шароф Рашидов, Бахмал, Дўстлик, Зомин ҳамда Ғаллаорол туманлари фаоллик кўрсатишмоқда.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).