ЯНГИ ЙИЛ АРЧАСИ ҚАД РОСТЛАДИ

Анъанага кўра, шаҳримиз марказида Янги йил бош арчаси қад кўтарди. Эътиборлиси, бу йилги арча 2021 йилдан буён фойдаланиб келинаётгани эмас, янги, янада замонавий ва кўркам.  Эътиборлиси, Ёшлар шаҳарчасида, байрамнинг асосий томошалари ўтадиган манзил бундан кейин ҳам “Очиқ осмон остидаги ёшлар клуби” сифатида хизмат қилади.

Бу йилги бош арчанинг баландлиги 30 м, диаметри 33 м бўлиб, асосини ўрнатиш ишлари ноябрь ойининг охиридан бошланди. Муштарийларга яна бир муҳим маълумот: арча асоси бўлган 30 метрлик флагштокка кейинчалик давлат байроғи ўрнатилади. Шундай қилиб, Жиззах шаҳрида иккинчи манзилда юксакдаги давлат байроғи ҳилпираб туради.

-Салкам бир ойдан буён бошқармамизнинг 50 нафар ишчи-ходимлари, 5 та махсус техника иштирокида байрам бош арчасини ўрнатиш, ёритиш ва безатиш ишлари олиб борилаяпти, – дейди Жиззах шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ташқи ёритиш тизимидан фойдаланиш участкаси бошлиғи Зоҳид Пўлатов. – Арча гелий материалидан тайёрлангани учун табиийга жуда ўхшайди, унинг ёнувчанлик даржаси ҳам паст. Шундай бўлса-да, вилоят ФВБ томонидан ёнғинга қарши зарарсизлантирилди. Арчанинг қулаб кетишига қарши махсус лойиҳа-смета хулосалари асосида ҳар бири 10 тонна юкни ушлаб туришга қодир 35 та трос билан мустаҳкамланди. Янги йил байрамининг кўнгилдагидек ўтиши, майдонга ташриф буюрганларнинг хавфсизлиги ва мазмунли вақт ўтказишлари учун хавфсизлик ва декорацияга катта эътибор қаратилган.

Майдонни жилвакор чироқлар, тунги ёритиш воситалари билан таъминлаш ишлари ҳам ўзгача. Мусиқага мос ўчиб-ёнувчи эстрадабор чироқлар танланган, 360 даражага айланувчи нур таратгичлар ва лазер чироқлари тунги пайтда ҳақиқий эртакнамо муҳит ҳосил қилади. Ёшлар шаҳарчаси бўйлаб ўтган Синдор Ҳамроқулов туризм кўчаси қандиллар билан безатилди, янги декоратив чироқлар ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда. Майдонини безатишда энергия тежамкор воситалардан фойдаланишга катта эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ёшлар шаҳарчаси бўйлаби, кузги-қишки гуллар, ёш мажжовейник ниҳоллари экилиб, атроф-муҳит ободонлиги, ташқи ландшафт кўркамлиги таъминланди. Байрам арчаси атрофида савдо ярмаркалари, кўнгилочар ўйинлар ва аттракционлар фаолияти йўлга қўйилади.

Байрамга тайёргарлик майдондан бошқа жойларда ҳам давом этаётир. Аҳоли ва шаҳар меҳмонлари Янги йил байрами нафасини ҳар қадамда сезишлари мумкин бўлади: вилоят маркази бўйлаб ҳар бир ташкилот олди, йўл бўйлари,  аҳоли гавжум манзиллар байрам тароватини акс эттирувчи безаклар билан безатилмоқда.  

Муқаддас САПАРОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *