ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯ ХАЛҚ УЧУН!

“Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

 Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради.Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 48-моддаси.

Мустақил мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги ҳар йилгидан кўра ўзгача шукуҳ билан нишонланиши табиийдир. Зеро, жорий йилда тубдан янгиланган Асосий қонун умумхалқ референдуми натижасида қабул қилинди ва миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор барча устувор қоидалари тўғридан-тўғри қўлланадиган мукаммал Конституцияга эга бўлдик. Қайд этиш ўринлики, конституциявий ислоҳот ҳар қандай давлатдан қатъий сиёсий ирода, жасорат ва энг муҳими, етилган шароитни тақозо этади.

Конституцияни, қолаверса, унинг биронта қоидасини замон ва маконнинг хусусияти талабларига зид равишда ўзгартириб бўлмайди. Ўзбекистонда эса, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида кейинги 7 йилда амалга оширилган тарихий ўзгаришлар Асосий қонунимизни такомиллаштириш заруратини юзага келтирди. Бу даврда ислоҳотлар шу қадар кенг кўлам ва шиддат касб этдики, Конституция ва қонунлардан иборат ҳуқуқий макон уларнинг залворли юкини кўтаролмай қолди. Шу боис, муҳтарам Президентимиз томонидан Конституцияни тубдан ислоҳ қилиш ташаббуси илгари сурилди. Бу борада инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, ҳар бир мамлакатда сифатли тиббиёт тизими мавжудлиги жуда муҳим. Фуқаролар зарур пайтларда сифатли тиббий хизмат учун давлатга суяна олиши алоҳида аҳамиятга эга. Шу сабабли Конституциямизда фуқаролар давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олишга ҳақли эканлиги бегиланган. Бу жуда муҳим ижтимоий кафолатдир. Чунки аҳолининг айрим қатламлари пулли асосда ёки хусусий шифохоналар хизматидан фойдаланишга имконияти етмаслиги мумкин. Ана шундай вазиятда давлат ўз фуқаросини кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши керак. Янги таҳрирдаги Конституциядан ўрин олган 48-модда айнан мазкур жиҳатларни кўзда тутади. Тиббий соҳани, шу жумладан унинг нодавлат шаклларини ривожлантириш давлат мажбуриятларига ўтказилиши фуқароларга сифатсиз тиббий ёрдам кўрсатиш ёки умуман тиббий ёрдам кўрсатмаслик ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашади. Мазкур моддадаги ушбу норма орқали тиббиётнинг нодавлат шаклларини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун мустаҳкам пойдевор яратилди.

 

Холида АЛИМОВА,

Жиззах вилояти болалар кўп тармоқли

тиббиёт маркази бош шифокори,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *