Зомин тумани “Қўрғон” МФЙ ҳудудидаги “Ёшлар технопарки”да янги корхона ишга туширилди. Ҳамид Хўжабеков раҳбарлик қилаётган “SWEET BARAKA HOUSE” МЧЖ томонидан қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилди.
Лойиҳа умумий қиймати бир миллиард сўмни ташкил этувчи корхонада 15 турдан ортиқ қандолат маҳсулотлари, жумладан, болажонлар севиб истеъмол қиладиган печеньеларнинг ҳам бир қатор шакл ва ҳажмдагиси ишлаб чиқарилмоқда. Корхонага Германия, Италиядан замонавий, сўнгги нусха ва андозадаги технологияга асосланган линия ўрнатилган. Корхона йилига 500 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Йиллик тушум эса 200 миллион сўмни ташкил этади.
—Айни пайтда 50 нафар хотин-қизлар ва ёшларни янги иш ўрни билан таъминладик,—дейди корхона раҳбари Ҳамид Хўжабеков. —Галдаги вазифамиз маҳсулотлар тури ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, шоколод аралашмали маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштираяпмиз. Шунингдек, маҳсулотларимизни нафақат ички бозорга, қўшни давлатларга ҳам экспорт қилишни мақсад қилганмиз.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Худойберди ЗИЁТОВ (фото).