“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН БУНЁДКОРЛАРИ” МАҲОРАТ МАЙДОНИДА ПОРЛАГАН ЁШЛАР

Жиззах шаҳридаги Турон маҳалласида жойлашган “Очиқ осмон остидаги шатёр” мажмуасида “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” миллий касбий маҳорат танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Касбий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида ташкил этилган мазкур танлов ёшларнинг билим ва кўникмаларини намоён этиши, уларнинг касбий салоҳиятини янада юксалтириши ҳамда замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилди.

Тадбир аввалида сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, техникумларда халқаро стандартларга мос таълим дастурларини жорий этиш, дуал таълим тизимини кенгайтириш, замонавий лаборатория ва устахоналарни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар бугунги кунда ўзининг ижобий натижаларини бераётгани қайд этилди.

Маълумот учун, танловнинг биринчи босқичи жорий йилнинг 26 майидан 6 июнига қадар ўнта касб йўналиши бўйича ўтказилиб, унда 3 142 нафар ёш, жумладан 809 нафар қиз иштирок этди. Саралаш якунларига кўра, 343 нафар иштирокчи вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Вилоят босқичи 15-19 июнь кунлари Жиззах Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ҳамда Жиззах шаҳридаги 1 ва 3-сон техникумларида бўлиб ўтди. Беллашувларда 266 нафар иштирокчи, шундан 118 нафар қиз ўз касбий маҳоратини намоён қилди.

Танлов натижаларида Шароф Рашидов тумани ёшлари алоҳида фаоллик кўрсатиб, энг яхши натижалардан бирига эришди. Бу ҳудудда касбий таълим сифатини ошириш, амалий машғулотларни кучайтириш ва ёшларни замонавий касбларга йўналтириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ўзининг муносиб самарасини бераётганидан далолатдир.

–Танлов давомида иштирокчилар ўз йўналишлари бўйича назарий билимлари ва амалий маҳоратини синовдан ўтказиб, ижодкорлик, ташаббускорлик ҳамда масъулият каби муҳим фазилатларини намоён этдилар,–деди Касбий таълим бошқармаси бошлиғи Сарвар Назарқосимов. –Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаш жараёнлари адолат, холислик ва очиқлик тамойиллари асосида амалга оширилди. Мазкур танлов нафақат ёшларнинг касбий маҳоратини ошириш, балки профессионал таълим тизими самарадорлигини юксалтириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни халқаро майдондаги нуфузли мусобақаларга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса Янги Ўзбекистонда малакали, билимли ва ташаббускор кадрларни тарбиялаш йўлидаги эзгу мақсадларнинг яна бир амалий ифодасидир.

“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” миллий касбий маҳорат танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Дилмурод Худойшукуров иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда махсус ваучерларни топширди. Жумладан, 1-ўрин соҳибларига 4 миллион 944 минг сўм, 2-ўрин учун 4 миллион 120 минг сўм, 3-ўрин учун 3 миллион 296 минг сўм, 4-ўрин учун 2 миллион 472 минг сўм ва 5-ўрин учун 1 миллион 648 минг сўм миқдорида пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, ғолиб иштирокчиларни тайёрлаган устозлар меҳнати ҳам муносиб эътироф этилиб, уларга 1-ўрин учун 28 миллион 840 минг сўм, 2-ўрин учун 24 миллион 720 минг сўм, 3-ўрин учун 20 миллион 600 минг сўм, 4-ўрин учун 16 миллион 480 минг сўм ва 5-ўрин учун 12 миллион 360 минг сўмлик ваучерлар тантанали равишда топширилди.

–Бу танлов мен учун катта тажриба мактаби бўлди, –деди сартарошлик технологияси касби бўйича танлов иштирокчиси Мирзачўл тумани вакили Улуғбек Азизов. –Тайёргарлик жараёнида устозларимиздан кўп нарсани ўргандик, назарий билимларимизни амалиётда синаб кўриш имконига эга бўлдик. Энг муҳими, бу ерда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган иқтидорли ёшлар билан тажриба алмашдик. Ҳар бир иштирокчининг маҳорати менга янги ғоя ва кучли мотивация берди. Бундай танловлар ёшларнинг ўз устида ишлаши, касбига меҳр билан ёндашиши ва келажакда малакали мутахассис бўлиб етишиши учун муҳим аҳамиятга эга. Мен ҳам бугунги иштироким орқали янада кўпроқ изланиш, билим ва кўникмаларимни оширишга интилишим кучайди. Келгусида халқаро майдонларда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни мақсад қилганман.

Дарҳақиқат, “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” миллий касбий маҳорат танлови билимли, ташаббускор ва рақобатбардош мутахассисларни камол топтиришга хизмат қилаётган муҳим майдон сифатида ўз аҳамиятини яна бир бор намоён этди.

Якуний натижаларга кўра, 50 нафар иқтидорли ёш республика босқичига йўлланма олди. Қувонарлиси, уларнинг 18 нафари маҳалла ёшлари, 32 нафари эса техникум ўқувчилари бўлиб, бу касбий таълим тизими билан бир қаторда уюшмаган ёшларни ҳам касб-ҳунарга жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини яна бир бор тасдиқлади.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА,

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *