Дўстлик туманида юзлаб бахтли, намунали, аҳил-тинч ва қўша-қариш саодатига лойиқ кўплаб оилалар яшайди.
Шундай оилалардан бири “Саритепа” маҳалласида яшовчи, қишлоқ хўжалигига ўз муносиб ҳиссасини қўшган Тоштан ота Нуралиевлар оиласидир. Тоштан ота билан Нишоной она 5 нафар фарзандларини тарбиялаб, элга қўшди. Ҳозирги кунда улар 17 нафар невара, икки нафар чевараларига ўз панду насиҳатларини бериб келмоқда. Нафақада бўлса-да, отахон “Кексалар маслаҳат гуруҳи”нинг фаол аъзоси сифатида фаолият юритиб келади. Бу йил Тоштан ота билан Нишоной онанинг турмуш қурганига 50 йил тўлди. Шу муносабат билан “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Ислом Хазратов “Кексалар маслаҳат гуруҳи” аъзолари билан уларни йўқлаб, эзгу тилакларини билдириб, вилоят “Нуроний” жамғармасининг ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширишди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси томонидан 1 октябрь — “Халқаро қариялар куни” деб эълон қилинганлиги сабабли ҳар йили мамлакатимизда октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан “Кексалар ҳафталиги” ҳамда ноябрь — “Кексалар учун туризм ойлиги”га тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш мақсадида “Нуроний” жамғармаси Дўстлик туман бўлими томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳафталик давомида туманда қатор тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, Саритепа МФЙ ҳудудидаги 3-умумий ўрта таълим мактаби, “Қаҳрамон” маҳалласида жойлашган 4-сонли умумтаълим мактабларида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Боғзор маҳалласида жойлашган 8-сонли умумтаълим мактабида ҳам “Уч авлод учрашуви” ва “Қўша қариш саодати” деб номланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси, 3 нафар фарзанд, 6 нафар невара-чевараларга бош бўлиб юрган Туғунбой Қосимов ҳамда Маржонгул Қосимоваларнинг бирликдаги 54 йиллик ҳаёти ёшларга ўрнак қилиб кўрсатилиб, уларга вилоят “Нуроний” жамғармасининг совғалари топширилди. Маҳалладаги шу каби тадбирлардан бирида онахонлардан ташкил топган фольклор жамоаси иштирок этиб, ўзларининг куй-қўшиқлари билан тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
— “Саритепа” маҳалласидаги 3-мактабда аҳоли ва ёшлар иштирокида “Китобхонлик оиладан бошланади” мавзусида маънавий-маърифий тарғибот тадбири ташкил этилди, — дейди Дўстлик туман “Нуроний” жамғармаси бўлими раиси Ислом Ҳазратов. —Шу орқали оилаларда мутолаа маданиятини шакллантириш, ота-оналар томонидан болаларга эртаклар ўқиб бериш ва эртак қаҳрамонлари ҳақида суҳбатлашиш, ёш авлодни китобга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашга эътибор қаратилди. Зеро, китобсевар оилада улғайган фарзанднинг маънавий дунёқараши бой бўлиб вояга етишига замин яратилади. “Ғайратли кексалар” шиори остида нуронийлар ўртасида спортнинг шахмат-шашка тури бўйича вилоят босқичи мусобақаси бўлиб ўтди. Нуроний онахонларимиз спорт мусобақаларида қатнашиб, маҳаллалардаги ёшлар ҳамда аҳолига ҳам ўрнак бўлишмоқда. Баҳслар натижаларига кўра, Дўстлик туман “Боғзор” маҳалласидан иштирок этган Махфират Бўтаевага вилоят босқичида 3-ўрин насиб этди. “Кексалар ҳафталиги” доирасида Дўстлик туман ихтисослаштирилган мактаби жамоаси ушбу даргоҳда 2022-2026 йиллар давомида раҳбарлик қилган Шохрух Ваққосовнинг шунингдек, “Нуроний” жамғармаси Дўстлик туман бўлими ва туман нуронийлар жамоатчилик кенгаши вакиллари “Мевазор” маҳалласида истиқомат қилувчи Жаббормурод Дадаевнинг хонадонларида бўлишди. Унда кексаларни қадрлаш миллий қадрятларимиздан бири эканлиги, улар фахримиз, дуогўй ва маънавий таянчимиз экани, уларни асраб-авайлаш барчанинг бурчи эканлиги таъкидланди.
Туман Адлия бўлими, Маҳаллалар уюшмаси ва “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ҳамкорлигида “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла еттилиги “Кексалар маслаҳат гуруҳи” аъзолари ҳамкорлигида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, уларга адлия хизматлари кўрсатилди. Мурожаатлар эшитилди, жойида ҳал этилди ва муддат талаб этиладиганлари кўриб чиқилиб, бажарилиши белгиланди. Шунингдек, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан ҳамкорликда кекса устозлар ҳолидан хабар олиниб, ўқувчилар ва устозлари иштирокида йўқланди, нуронийларни ўзларининг қўл меҳнатлари бўлган эсдалик совғалари билан табриклашди, уларнинг насиҳатларини олишди.
Ҳафталик доирасида Дўстлик туманининг бир гуруҳ нуроний отахон ва онахонлари Жиззах давлат мусиқали драма театрида “Тўйлар муборак” спектаклини томоша қилиб, маънавий ҳордиқ чиқариб, тарихий музейлар, хиёбонлар ва театрларда бўлишди.
Бир гуруҳ фахрийлар Тошкент шаҳридаги Ислом Цивилизация марказида ҳам бўлишди. Марказда замонавий технологиялар асосида яратилган ислом тарихига оид нодир қўлёзмалар, кўргазмалар ва маълумотлар нуронийларимизни ҳайратда қолдирди…
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.