Аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш ва ҳудудлардаги ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш депутатлик фаолиятининг муҳим мезонларидандир. Шу маънода, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Баҳодир Назаров аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий соҳа ва инфратузилмадаги ўзгаришлар билан яқиндан танишиш ва фуқаролар мурожаатларини ўрганиш мақсадида Зафаробод туманида бўлди.
Ўрганишларда туман ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Жаҳонгир Сатторов, халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Жасур Абдуллаев, Кенгаш котибияти мудири Баҳром Ҳамрақулов ҳамда туман Кенгаши депутатлари Ҳамрабой Исматов ва Ўтагул Байжанова ҳам иштирок этишди.

Депутатларнинг дастлабки манзили Ёрқин маҳалласидаги оилавий шифокорлик пункти бўлди. Ишчи гуруҳ муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини кўздан кечирди. Маълум бўлишича, бу ерга бинони иситиш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида давлат-хусусий шериклик корхонаси томонидан 16 тонна кўмир етказиб берилган. 85 ўринга мўлжалланган муассаса ташқи фасадининг жорий йилда тўлиқ базальт қопламаси билан қоплангани ҳам иссиқликни сақлаш ва беморлар учун қулай муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Маҳалладаги ўзгаришлар эса фақат ижтимоий соҳа объектлари билан чекланмаган. Президентимизнинг “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 298-сонли қарори ижроси доирасида Шоҳруҳия ва Ёркент кўчаларида 1,5 километр пиёдалар йўлаги қурилиб, 56 та энергия тежамкор кўча чироғи ўрнатилган. Қизилтош кўчасига иккита янги трансформатор қўйилиб, бир километр электр тармоғи янгилангани, шунингдек, 1,5 километр лоток тармоғи тортилиши аҳолини узоқ вақтдан буён қийнаб келган муаммоларга ечим бўлди. Учма, Қизилтош ва Беҳбудий кўчаларининг уч километр қисми асфальтлаштирилди. Бу мақсадлар учун жами 7,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Ёрқин маҳалласидаги яна бир эътиборли лойиҳа — янги микросаноат зонаси. Барпо этилувига 3,1 миллиард сўм ажратилган мазкур ҳудудда қурилиш моллари дўконлари ва ишлаб чиқариш пунктлари жойлаштирилиши кўзда тутилган. Айни пайтда унинг атрофида яшил ҳудуд шакллантирилиб, қарийб бир километр масофада пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилмоқда. Бу эса маҳалла қиёфасини яхшилаш билан бирга, янги тадбиркорлик ташаббуслари ва бандлик учун ҳам имконият яратади.
Албатта, ҳудудлардаги ўзгаришларнинг ҳақиқий самараси, аввало, аҳоли ҳаётидаги ижобий натижалар билан ўлчанади. Шу боис, ишчи гуруҳ маҳалла биносида фуқаролар билан учрашиб, уларнинг мурожаат ва таклифларини тинглади. Суҳбатда кўчаларни таъмирлаш ва асфальтлаш, маҳаллий коллеж биносини таъмирлаш, электр тармоқлари ускуналарининг техник ҳолатини яхшилаш, ўз лойиҳалари билан ташаббус кўрсатаётган тадбиркорларга субсидия ажратиш каби масалалар кўтарилди. Ҳар бир мурожаатнинг мазмун-моҳияти ўрганилиб, тегишли масъулларга йўналтирилди.
Зафарободга «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман» мақомининг берилиши ҳудуд тараққиётида янги босқични бошлаб берди. 298-сонли қарор асосида ажратилган 100 миллиард сўм маблағ туманни комплекс ривожлантириш, замонавий инфратузилма барпо этиш ва аҳоли учун муносиб яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Ислоҳотлар нафасини Зафаробод шаҳарчасига киришдаги марказий кўчада олиб борилаётган ишлар мисолида ҳам сезиш мумкин.
Хусусан, туман марказидан ўтувчи марказий кўчанинг 2,1 километр қисмида пиёдалар ва велосипед йўлаклари қуриш, энергия тежамкор чироқлар ўрнатиш, канал атрофини панжаралар билан ўраш ишлари давом этмоқда. Ушбу лойиҳа учун 7,4 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бўстон маҳалласида эса узоқ йиллар қаровсиз қолган кенг майдон ўрнида замонавий истироҳат боғи барпо этилмоқда. Лойиҳага кўра, бу ерда фаввора, чархпалак ва саломатлик йўлаклари ташкил этилади. Натижада аҳоли, айниқса, ёшлар ва кексаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиши учун янги маскан юзага келади.
Ўрганишлар якунида депутатлар фуқаролар кўтарган долзарб муаммолар ва ҳудудлардаги инфратузилмани янада яхшилаш масалалари юзасидан тегишли таклифларини билдириб, уларнинг ижросини назоратга олиш ҳамда масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ҳал этиш бўйича келишиб олдилар.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган суратлар.