ЗАЪФАРОН ПЛАНТАЦИЯЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

Республикамиз ва вилоятимиз ОАВ ходимлари учун  Бахмал туманида заъфарон плантацияларини кенгайтириш жараёни билан танишишга бағишланган пресс-тур бўлиб ўтди. Тадбир давомида журналистлар заъфарон пиёзбошларини экиш жараёни билан яқиндан танишдилар. Экиш мавсуми якуни билан мавжуд 700 гектар майдонни 820 гектарга етказиш режалаштирилгани ҳақида мутахассислар тадбир ииштирокчиларига маълумот беришди.

Ушбу лойиҳа доирасида 400 гектар майдондаги ишлар BMB-OPERA ZAFFERANO Ўзбекистон-Италия қўшма корхонаси томонидан, қолган 420 гектар эса BMB SHIFO майдонлари негизида амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, маҳаллий ва халқаро ҳамкорликнинг самарали уйғунлашувини намоён этиб, заъфарон етиштириш соҳасида илғор тажриба ва замонавий технологияларни амалиётга жорий этишга хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда анъанага айланган заъфарон плантацияларини кенгайтириш тадбири 2024 йил 8-9 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берилган заъфарон плантацияларини 2 000 гектарга етказиш ҳамда ҳосил ҳажмини 20 тоннага ошириш вазифасининг мантиқий давоми ҳисобланади.

 Ўтган давр мобайнида лойиҳа доирасида жами 84,6 миллион евро миқдорида инвестиция ўзлаштирилган бўлиб, 2 гектар ер майдонида замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилди. Мажмуа қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, заъфарон гулларидан эфир мойлари ишлаб чиқариш ускуналари ҳамда лаборатория билан жиҳозланиб, Европа стандартларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминламоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, лойиҳа доирасида илғор ва тежамкор технологияларни жорий этишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бугунги кунда сув танқислиги глобал муаммога айланиб, сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш барқарор ривожланишнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланишини инобатга олган ҳолда, сув ресурсларини тежаш мақсадида польшалик мутахассислар билан ҳамкорликда заъфарон плантацияларида AgroNanoGel Basic гидрогелидан фойдаланилмоқда, бу эса сув сарфини 40-45 фоизгача камайтириш имконини бермоқда.

Бугунги кунда BMB ZA’FARON бренди остида етиштирилаётган юқори сифатли ўзбек заъфарони ҳамда унинг асосида тайёрланган 20 турдаги заъфарон маҳсулотлари Италия, Австрия, Нидерландия, Франция, АҚШ, Тожикистон, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар бозорларига етказиб берилмоқда.

Миллий маҳсулотимизнинг экспорт ҳажми 2021 йилда 1,2 миллион еврони ташкил этган бўлса, 2025 йил якуни билан ушбу кўрсаткич 12 миллион еврога етказилиши кутилмоқда.

 Ушбу лойиҳа нафақат ҳудуднинг аграр салоҳиятини ошириш, балки ижтимоий барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

2025 йилга келиб, мазкур лойиҳа доирасида 25 000 нафар маҳаллий аҳоли мавсумий иш билан таъминланди. 450 нафари эса доимий иш ўринларига эга бўлди.

Эътиборлиси шундаки, мазкур жараён илк бор хориждан импорт қилинган пиёзбошлар эмас, балки Жиззах заминида етиштирилган маҳаллий заъфарон пиёзбошларининг заҳираси ҳисобидан амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу заҳиралар мамлакатимизда заъфарон плантацияларини 2028 йил 1 январь ҳолатига кўра 2 000 гектаргача кенгайтириш вазифасини самарали амалга оширишга имконият яратади.

 

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *