Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси давлат унитар корхонаси томонидан 2025 йил давомида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари юзасидан ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ва пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда маҳаллий ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ДУКнинг танлов савдоларини ташкил этиш ва хўжалик шартномалари муносабатлари бўлими бошлиғи Ойбек Очилов сўзга чиқиб, ташкилот томонидан жорий йил давомида вилоятимиз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш сифатини ошириш мақсадида олиб борилаётган бир қатор йирик ва муҳим қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳақида гапирди.

Хусусан, айни пайтга келиб вилоят “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ДУК томонидан умумий қиймати 1 триллион 61 миллиард 896 миллион 381 минг сўмлик 177 та ижтимоий, иқтисодий ва инфратузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш, реконструкция ва модернизация ишлари амалга оширилмоқда.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари соҳалар кесимида таҳлил қилинадиган бўлса, энг катта лойиҳалар уй-жой фонди, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт муассасаларига тўғри келади. Мазкур лойиҳалар доирасида замонавий қурилиш стандартлари ва энергия тежамкор технологиялардан кенг фойдаланилган. Бу борада шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда лойиҳа бажарувчилари билан очиқ мулоқот қилиш муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Матбуот анжуманида журналистлар ва блогерлар томонидан берилган саволларга очиқ ва аниқ жавоблар берилди. Жумладан, баъзи ҳудудлардаги кечикаётган қурилиш ишлари сабаблари, маҳаллий пудратчиларнинг ишга бўлган муносабати, тендер жараёнларидаги шаффофлик ва келгусидаги лойиҳалар юзасидан аниқ маълумотлар берилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида “Ягона буюртмачи хизмати” ИК ДУК томонидан амалга оширилаётган қурилиш объектларига пресс-тур ташкил этилиб, ОАВ вакиллари жорий вазиятнинг жонли гувоҳи бўлишди.

Жумладан, Жиззах шаҳридаги Заргарлик маҳалласида 50 та, Ёшлик маҳалласида 37 та, Сайилжойи маҳалласида 8 та ва Қассоблик маҳалласида 6 та уйнинг фасади, том қисми, ертўла коммуникациялари қайтадан замонавий услубда янгиланмоқда. Эътиборлиси, кўп қаватли уйларнинг энергия тежамкорлигини янада яхшилаш мақсадида мазкур уйлардан 69 тасининг фасад қисмлари энергия тежамкор базальт қопламаси билан қопланган ҳолда таъмирланмоқда. Бу эса аҳолига куз-қиш мавсумида янада кенг қулайликларни яратади.
Шунингдек, журналистлар Жиззах шаҳар “Тошлоқ” МФЙдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалидаги янги 250 ўринга мўлжалланган бино ҳамда “Оққўрғонлик” МФЙдаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг қурилиш ишлари билан батафсил танишишди. Учрашувлар давомида лойиҳа ҳужжатлари, молиялаштириш манбалари, иш графиги ва пудратчи ташкилотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Журналистлар қурилиш майдонларида тўғридан-тўғри ишчи ва муҳандислар билан суҳбатлашиш имконига эга бўлдилар. Шу билан бирга, айрим ҳудудлардаги муаммолар – масалан, қурилишдаги кечикишлар ёки техник ҳужжатларнинг тасдиқланишдаги бюрократик тўсиқлар ҳақида ҳам очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди.
Пресс-тур якунида журналистлар ва блогерлар томонидан берилган саволларга компания раҳбарияти батафсил жавоб берди.
Юсуф САЙДАЛИЕВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото)