“НАВРЎЗБУЛОҚ” МЕЗБОНЛАРНИ СИЙЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг тақвим режасидан ўрин эгаллаган   автокросс бўйича Ўзбекистон чемпионатига Жиззах шаҳридаги “Наврўзбулоқ” пойгагоҳи мезбонлик қилди. Жорий йилги тақдимдан ўрин олган сўнгги автокросс мусобақасида мезбонлар, Тошкент шаҳри ҳамда самарқандликлар иккитадан жамоаси билан, Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Сирдарё, Қашқадарё, Навоий, Хоразм вилоятларидан ташриф буюрган 70 нафарга яқин спортчилар дастлаб саралаш босқичларида ўзаро беллашдилар.

Икки кун давом этган Ўзбекистон чемпионатининг биринчи кунида А-7 синфидаги уловларда автомобилчилар маррага чиқишди. Шамол ва ёмғир остида ўтган баҳслар спортчиларнинг қобилияти ва маҳоратини синовдан ўтказди. Унда омад самарқандлик   Аслам Сафаровга кулиб боқди. Ҳамшаҳримиз Ботир Хасанов  маррага иккинчи, қўшни Самарқанд вилояти вакили Фарҳод Джамалов эса учинчи бўлиб финиш чизиғини босиб ўтди.

“Багги”чилар баҳсида вилоятимизнинг “BEST PLUS AVTO” клуби аъзоси Шаҳбоз Нарзиқулов рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур туман спорт техник клуби аъзоси  Равшан Қобилов ва Самарқанд вилояти  вакили Шуҳрат Обиджоновлар  иккинчи ва учинчи бўлиб маррага етиб келди.

Автокросс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи куни ҳам уч мингга яқин мухлислар муросасиз ва кескин курашларга бой бўлган беллашувларга гувоҳ бўлдилар.

А-8 синфидаги автомобиллар эгалари ўртасидаги пойгада Рашид Муродов (Бухоро), самарқандлик Фаррух Исомиддинов ҳамда Фарҳод Джамаловлар кучли учликдан жой эгаллашди.

Миллий тоифадаги автомобилларни бошқарган спортчилар ўртасидаги бахсда сирдарёлик спортчи Нурбек Имомқулов ғолибликни тантана қилди. Санжар Набиев  “BEST PLUS AVTO” клуби (Жиззах) ҳамда вилоятимизнинг яна бир вакили Умид Соатовлар  совриндорлар сафидан ўрин эгалладилар.

Майдон эгаларини сийлаган пойгагоҳда ўтган Ўзбекистон чемпионатининг якунида умумжамоа ҳисобида “BEST PLUS AVTO” клуби (Жиззах) биринчи, қўшни Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари жамоалари фахрли иккинчи ва учинчи поғонадан жой олишди.

—Етти нафар жамоамиз аъзолари мусобақада бор маҳоратларини кўрсатишди, уларнинг ғалабасидан фахрланаман,—дейди “BEST PLUS AVTO” клуби раҳбари, автокросс бўйича йирик халқаро турнирлар ғолиби, кўп карра Ўзбекистон чемпиони Фурқат Ахрорқулов.

Мусобақа якунида ғолиб ва совринли ўринларни банд этган спортчиларга таъсисчиларнинг медаль, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Зоир ЭРГАШЕВ.

“Жиззах ҳақиқати”

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *