ЁШЛАР БАНДЛИГИ ВА МИГРАЦИЯ МАСАЛАЛАРИ СЕНАТОРЛАР МУҲОКАМА МАРКАЗИДА

Жорий йилнинг 10 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси, сенатор Алишер Агзамходжаев ва  мазкур қўмита аъзоси, сенатор Жамила Бобаназарова раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ вилоятимизга ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад ҳудудда меҳнат миграциясини тартибга солиш, аҳоли, айниқса, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганиш, соҳадаги мавжуд муаммо ва ечимларни таҳлил қилиш ҳамда бу борадаги илғор тажрибалар билан яқиндан танишишдан иборат бўлди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Жиззах шаҳар темир йўл вокзалида вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Зафар Азимов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Байрамбек Узаков ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилояти Кенгаши раиси, сенатор Нусуратулла Пардаев томонидан кутиб олинди.

Расмий меҳмонларнинг дастлабки манзили Жиззах шаҳар 1-сонли техникумда жойлашган Миграция агентлигининг Жиззах ҳудудий филиали тасарруфидаги қурилиш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш маркази биноси бўлди. Мазкур ўқув маскани вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатларга кетаётган фуқаролар ҳамда бандлиги таъминланмаган аҳоли вакилларининг касбий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда бу ерда махсус техникаларни бошқариш, электро-пайвандчилик, электро-монтаж ишлари ҳамда омбор-логистикаси каби тўртта йўналиш бўйича 139 нафар тингловчи назарий ва амалий машғулотларга жалб этилган. Таълим дастурлари ихтисослик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда икки ойдан олти ойгача бўлган муддатда олиб борилади. Таълим жараёнини муваффақиятли якунлаган битирувчилар курс сўнгида хорижий иш берувчи компаниялар вакиллари иштирокида суҳбат ва синовлардан ўтказилади ва Миграция агентлигининг вилоят филиали кўмагида расмий тартибда хориждаги иш ўринларига йўналтирилади.

Қайд этилганидек, ўқув базаси фаолияти йўлга қўйилганидан буён 1400 нафардан ортиқ фуқаро турли касблар бўйича тайёргарликдан ўтган. Ҳозирги кунда уларнинг 602 нафари хорижий давлатларда доимий ва юқори даромадли иш ўринларида меҳнат қилиб келмоқда.

Танишув жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари ўқув хоналари, амалий машғулотлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда тингловчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тизимли ишлар билан яқиндан танишдилар. Суҳбатлар чоғида аҳолини касбга ўқитиш ва уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлашга қаратилган бундай ташаббуслар меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш, фуқароларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва оилалар даромадини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Кейинги манзил сифатида ишчи гуруҳ аъзолари Жиззах политехника институти қошида ташкил этилган Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди. Мазкур таълим масканида “BYD Uzbekistan Factory” ва “ADM Jizzakh” корхоналари билан ҳамкорликда автомобилсозлик соҳаси учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича самарали тизим йўлга қўйилган.

Муҳандислик мактабида транспорт соҳасига ихтисослашган тўртта таълим йўналиши бўйича ўқув жараёнлари замонавий ёндашувлар асосида ташкил этилган. Хусусан, иккинчи курсни юқори кўрсаткичлар билан тамомлаган талабалар BYD заводи эҳтиёжларидан келиб чиқиб яратилган замонавий платформаларда икки йиллик дуал таълим олади. Улар назарий билимларни ишлаб чиқариш жараёни билан уйғунлаштирган ҳолда корхонада амалий машғулотларни ҳам ўтайди. Бу эса битирувчиларнинг меҳнат бозорига тайёр ҳолда кириб келишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, қисқа муддатли тайёрлов курслари орқали автомобиль саноатида фаолият юритиш истагида бўлган номзодлар, амалдаги ишчилар ҳамда ишсиз ёшларга талаб юқори бўлган касблар ўргатилмоқда. Таълим муассасасида ташкил этилган BYD автомобиль ишлаб чиқариш мини-конвейери эса талабаларга ҳақиқий ишлаб чиқариш муҳитини ҳис этган ҳолда тажриба орттириш имконини бермоқда. Унда пайвандлаш, бўяш, йиғув ва сифат назорати бўлимлари фаолият юритади.

Танишув чоғида меҳмонлар машғулотлар жараёнини кузатиб, мини-конвейерда фаолият олиб бораётган талабалар билан мулоқот қилди. Улар томонидан таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига асосланган мазкур тажриба саноат корхоналари эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, бундай ҳамкорлик моделлари ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Ташриф доирасида институт мажлислар залида сенаторлар ва талаба-ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ҳам ташкил этилди. Самимий руҳда ўтган учрашувда мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, таълим сифатини ошириш, касбий ривожланиш ҳамда меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаш масалалари муҳокама қилинди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олиб, келгусидаги фаолияти юзасидан фикр ва таклифларини билдириш имконига эга бўлди. Мулоқот иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Ташриф дастури доирасида ишчи гуруҳ Жиззах шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ҳам бўлди. Бу ерда чет тилларини пухта ўзлаштираётган ҳамшира-талабаларни халқаро меҳнат бозори талаблари асосида тайёрлаш тизими билан танишилди.

Маълум қилинишича, техникумда “Globo Guide” халқаро дастури асосида таълим олаётган ёшлар Германия ва Саудия Арабистонидаги ишончли иш ўринларига йўналтирилмоқда. Айни вақтда 80 нафар ҳамшира-талаба немис ва инглиз тилларини ўзлаштириш билан бирга тиббиёт соҳасидаги билим ва кўникмаларини ҳам чуқурлаштирмоқда.

Меҳмонлар ўқув жараёни, тил ўрганиш хоналари ҳамда амалий тайёргарлик шароитлари билан яқиндан танишиб, соғлиқни сақлаш соҳаси учун халқаро стандартларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. Шунингдек, ёшларнинг тил ўзлаштириш билими ва касбий салоҳиятини ошириш орқали уларнинг халқаро меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилаётган бундай лойиҳалар аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспортбоп кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Куннинг иккинчи қисмида вилоят ҳокимлигининг мажлислар залида Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Байрамбек Узаков бошқариб борди.

Мажлисда сенаторлар, халқ депутатлари вилояти Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимлиги вакиллари, вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари шунингдек, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари вилоятда миграция соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини муҳокама қилдилар.

Йиғилишда Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси, сенатор Алишер Агзамходжаев, мазкур қўмитаси аъзоси, сенатор Жамила Бобаназарова, вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Зафар Азимов ҳамда Миграция агентлигининг Жиззах ҳудудий филиали раҳбари Шерзод Амановлар сўзга чиқиб, вилоятда меҳнат миграциясини тартибга солиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлаш, фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш, шунингдек, миграция соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишларнинг жорий ҳолати ва уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан маъруза қилдилар.

Таъкидланганидек, жорий йилда вилоятимиздан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган 521 киши касб-ҳунар ва хорижий тиллар бўйича ўқув курсларига жалб этилган. Шунингдек, фуқароларни хорижда ишлаш бўйича кўникмаларини оширишга қаратилган махсус тайёрлов курслари ташкил этилган.

Мажлис якунида мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарларига меҳнат миграциясини самарали ташкил этиш, меҳнат бозорларини диверсификация қилиш, аҳолини талаб юқори бўлган касблар ва хорижий тилларга ўқитиш кўламини кенгайтириш, шунингдек, меҳнат мигрантларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини яна-да такомиллаштириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *