Юртимиз бўйлаб талаба-ёшларни олимпия спорт турларига жалб қилиш, олий таълим муассасаларида оммавий спорт ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда профессионал спортчи-талабаларни саралаш тизимини такомиллаштириш мақсадида жорий йилдан илк бора “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” тизимли спорт мусобақаларини ўтказиш йўлга қўйилди. Ушбу янги тизим илк мавсумда еттита спорт тури бўйича 168 та олийгоҳда таҳсил олувчи 160 минг нафарга яқин талаба-ёшни қамраб олди.

Апрель ойида ҳудудларда старт олган мусобақанинг финал босқич баҳслари пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ва Чирчиқдаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети майдонларида бўлиб ўтди. Маҳобатли спорт саройларидаги замонавий имкониятлар ҳамда кучли рақобат муҳити ҳар бир қатнашчига росмана олимпиада кайфиятини улашди.
Турнирнинг футбол баҳслари мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. Унда муваффақиятли иштирок этган Жиззах давлат педагогика университети талабалари муносиб тарзда финалгача етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда Қорақалпоқ давлат университети футболчиларини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Чемпионларни тақдирлаш маросимида Республика спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов иштирок этиб, жамоамизни тарихий ғалаба билан табриклади.
Шунингдек, ушбу университет талабалари мусобақанинг сузиш беллашувларида ҳам фаол қатнашди. Жумладан, 50 метр масофага эркин усулда сузиш баҳсларида Шаҳло Маматқулова олтин медални қўлга киритди. ЖДПУнинг яна бир талабаси Рухшона Олимжонованинг 100 метрга чалқанча усулдаги сузиш беллашувларида кумуш медалга эга чиққанини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Албатта, ушбу спорт туридаги ютуқлар бу билан чегараланмади. 4×50 метр масофага эркин усулдаги аралаш эстафета баҳсларида ҳам университет жамоаси юқори фаолликни намойиш этиб, якунда кумуш медал соҳиби бўлди.
Мазкур натижалар вилоятимиздаги олий таълим муассасаларида спортни оммалаштириш, иқтидорли ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини яна бир бор тасдиқлади.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.