Дунё мамлакатлари тажрибасида илмий тадқиқотлар, IT технологиялар, стартап ғоялар, компьютер саводхонлигига жуда катта эътибор берилади. Фақатгина илм-фан ютуқлари ва янги технологиялар орқали юқори иқтисодий ўсишга эришиш мумкин. Ўтган асрда оламшумул кашфиётлар кўп жиҳатдан инсоннинг интеллектуал салоҳиятига асосланиб амалга оширилган бўлса, бугунги даврда илм-фан замонавий АКТ ёрдамида шаклланмоқда. Бугунги кунда ривожланаётган мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллаб келаётган Ўзбекистон барча соҳаларда юксак ютуқларга эришмоқда, бу муваффақиятларга эса ахборот технологиялари ва телекоммуникация тизимларининг жўшқин ривожланиши асос бўлмоқда.
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида дақиқа сайин ўта жадал суратларда ривожланиб бораётган ва жамият ҳаётининг муҳим бўғинларидан бирига айланишга улгурган ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш, республикада рақамли индустрияни жадал ривожлантириш, миллий иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, 2022—2026-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Тараққиёт стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020-йил 5-октабрдаги ПФ-6079-сон Фармони қабул қилинди. Сўнгги йилларда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш бўйича муҳим ишлар бажарилди. Уларнинг мантиқий узвийлигини таъминлиш мақсадида “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, ижроси изчил таъминланяпти. Учраётган камчилик ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чоралар кўрилмоқда.
Ушбу Фармон билан ҳудудлар ва тармоқларда жами 1 627 та лойиҳа ва чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган бўлса, шундан 587 таси 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи чорагида 29 та намунавий туманда, 597 таси 2020—2022 йилларда 13 та ҳудудда, 443 таси 2020—2022-йилларда соҳа ва тармоқларга тўғри келади.
Ўтган даврдан 2024 йилгача бўлган АКТ соҳасида амалга оширилган кенг кўламли янгиланиш ва ислоҳотлар, уларнинг натижалари ҳақида тўхталсак. Аҳолига ахборот-коммуникация хизматларини кўрсатиш ҳажми 2024 йилда бошида 8 триллион сўмни ташкил этган. 2022—2026 йилларда ахборот-коммуникация соҳасини янада ривожлантириш борасида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан давлат бошқарув органлари, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг IT хизматларга бўлган талабини қондириш, бу йўналишдаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини кенгайтириш, нархларни камайтириш ва сифатни яхшилаш борасида амалга оширилган ишлари натижасида хизматлар ҳажми 2024 йилнинг иккинчи чорагида 13,5 триллион сўмга етказилди.
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ислоҳотларни муваффақиятли йўлга қуйиш, кейинги йилларда телекоммуникация тизимлари ва ахборот технологияларини ривожлантиришга йўналтирилган қатор ишлар амалга оширилиб, соҳа равнақини таъминламоқда.
Таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш орқали нафақат авлоддан авлодга, балки бир кишидан бошқасига билим, инсониятнинг тўпланган технологик ва ижтимоий тажрибасини узатишни тезлаш, инсоннинг атроф-муҳитга, давом этаётган ижтимоий ўзгаришларга янада муваффақиятли ва тез мослашишига имкон бериш ҳамда таълим тизимини ислоҳ қилиб, жаҳон стандартларига мос равишда шаклланишига эришилади. 2023 йилда АКТ соҳасида таълим бериш ва малака ошириш бўйича Вазирлик тизимида 7 та олий таълим муассасаси ҳам 6 та академик лицей фаолият олиб борган. 2020 йилдан бошлаб АКТ соҳасида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилиши натижасида вазирлик тизимида 8 та олий таълим муассасаси, 3 та техникум, 6 та академик лицей, 15 та ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослаштирилган мактаб фаолият олиб бормоқда.
2023 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг Нукус, Урганч, Қарши, Самарқанд, Нурафшон ҳамда Фарғона филиаллари, Тошкент шаҳридаги Инха университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети, Тошкент ахборот технологиялари техникуми, Самарқанд ахборот технологиялари техникуми, Янгиқўрғон ахборот технологиялари техникуми, 6 та академик лицей ҳамда таълимда рақамли технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактабларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида узлуксиз кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Ушбу таълим муассасаларида 25 минг нафарга яқин талаба, 2 минг нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда. 2024-йилнинг якунига келиб улар сони янада ошиб, 9 та олий таълим муассасаси, 14 та техникум, 6 та академик лицей, 100 та ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослаштирилган мактаблар ўз фаолияти йўлга қўйилади.
Мамлакатда замонавий таълим тизимида турли хил технологиялардан фойдаланиш, таълим инновациялари яъни таълим соҳаси ёки ўқув жараёнида мавжуд муаммони янгича ёндошув асосида ечиш мақсадида қўлланилиб, аввалгидан анча самарали натижани кафолатлай оладиган янгиликларни жорий этиш, ўсиб келаётган келажак ёшларга амалий кўникмаларини оширишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш доимий эътибордаги масалалардан бири ҳисобланади. Бу эса, талабаларга ноанъанавий ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятини берибгина қолмай, мустақил иш самарадорлигини оширади, ижод қилиш, турли хил касб маҳоратларини эгаллашлари учун мутлақо янги йўналишларни очиб беради.
Бугунги кунда республика бўйича 150 та рақамли технологиялар ўқув марказларини фойдаланишга топширилди ва жорий йил якунига қадар марказлар сони 205 тани ташкил этилади. Бунинг натижасида 292 дан ортиқ янги иш ўринларини яратишга эришилди. Ушбу марказларда компьютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника, веб ва мобил иловалар яратиш ва бошқа йўналишлар бўйича 60 минг нафардан ортиқ тингловчи малакасини оширди. Ҳудудлар кесимида рақамли технологиялар ўқув марказларида таҳсил олганлар бўйича Наманган вилояти, Жиззах вилояти ва Хоразм вилояти етакчилик қилиб келмоқда.
Ўзбекистонда АКТ соҳаси ривожи ва илғор технологияларни фаоллаштириш, уни изчил юксалтириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, аниқ қадамлар қўйилмоқда. Бу эса, келажакда Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги ҳиссасини кўпайтириш ва мамлакатнинг ахборот технологиялари соҳасида мавқеини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.
Мурод УСМОНОВ,
ЖДПУ бошланғич таълим назарияси ва амалиёти кафедраси доценти вазифасини бажарувчи.