ҲАМКОРЛИК, ТЕНГЛИК, БАРҚАРОРЛИК

32 йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси дунё давлатлари ва кўп сонли миллатларнинг тотувлик ва хавфсизликда ривожланиш ҳуқуқини таъминлашга масъул бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган эди. 1992 йил 2 март куни   Нью-Йоркда жойлашган БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди. 1993 йил 24 августда Тошкентда БМТ ваколатхонаси очилди. Ўз навбатида нуфузли ташкилотда юртимиз ваколатхонаси иш бошлади.

Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси ташкилотда ўз овози ва мавқеига эга аъзо сифатида БМТ олдига муҳим ва долзарб масалаларни қўйиб келмоқда. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари сурди. Шунингдек, Президентимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида сўзлаган нутқи, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги таклиф ва ташаббуслари иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди. Давлатимиз раҳбарининг нуфузли минбардаги нутқи мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари йўлида ўзи танлаган йўлдан ортга қайтмаслигини, халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилишини ва уни фаол илгари суришини яна бир бор намоён этди.

Ўзбекистон ўтган йиллар мобайнида БМТнинг фаол аъзоларидан бирига айланди. Ташкилотнинг тўртта асосий мақсади – халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш, миллатлар ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш, халқаро муаммоларни ҳал этишда ва инсон ҳуқуқларини ҳурматлашни рағбатлантириш, халқаро ҳамкорликни барқарор этиш борасида Ўзбекистон томони ҳамкорлик талабларига амал қилиб келмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда турли минтақаларда содир бўлаётган уруш ҳолатларида тинчлик ва бетарафликни эълон қилиб, қатъий позициясини намойиш этди.

Ўз навбатида  БМТнинг ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ ташкилотлари, БМТ Тараққиёт Дастури томонидан юртимизда йирик лойиҳалар, Ривожланиш мақсадлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда ҳамкорлик  бўйича ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида вилоятимиз РШТЁИМга экологик хавфсиз марказий ҳаво алмаштириш тизимини ўрнатиш шуларнинг биридир. Лойиҳа БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик жамғармаси томонидан молиялаштирилди. Натижада вилоят марказидаги йирик даво муассасасида  қулайликлар яратилиш билан бирга табиатга безарар кондиционерлар ишга туширилди.

   М.САПАРОВА тайёрлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *