Жорий йилнинг 14–27 июнь кунлари Корея Миллий суд-экспертиза хизмати томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICА) билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази ходимларининг салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ўқув курсида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика бўлинмаларининг 15 нафар ходими қаторида мен ҳам иштирок этдим.

Вонжу шаҳридаги Корея Миллий суд-экспертиза хизматига ташрифимиз ўқув курсининг асосий босқичини ташкил этди. Бу ерда суд экспертизасининг бугунги ҳолати, ривожланиш истиқболлари, ташкилотнинг маъмурий тузилиши ва устувор йўналишлари ҳақида маърузалар тингладик. Айниқса, илм-фан экспертизаси, ДНК, токсикология, озиқ-овқат маҳсулотларини текшириш, кимёвий таҳлил, рақамли экспертиза ва йўл-транспорт ҳодисалари экспертизаси каби йўналишларнинг бир тизимда ривожлантирилаётгани катта таассурот қолдирди. Назарий машғулотлар амалий экскурсиялар билан уйғун ташкил этилди. Хусусан, замонавий 3D сканер қурилмаларининг ҳодиса жойларини кўздан кечиришда қўлланилиши, автомашиналарни экспертиза қилиш жараёнлари ва махсус техник воситаларнинг имкониятлари билан танишдик. Ҳатто автомобил бошқариш симуляция хонасидаги амалий машғулотларда бевосита иштирок этиш имконига эга бўлдик.
Стажировка давомида ДНК орқали шахсни идентификация қилиш имкониятларига бағишланган машғулотлар мен учун айниқса қизиқарли бўлди. Бунда ДНК таҳлилининг ривожланиш босқичлари, таҳлил маркерлари, намуналарни олиш тартиби, қариндошликни аниқлаш, номаълум жасадларни идентификация қилиш ҳамда ДНК маълумотлар базасидан фойдаланиш бўйича илғор тажрибалар кўрсатилди.
Яна бир энг долзарб йўналишларидан бири рақамли криминалистикадир. Рақамли далилларни йиғиш, сақлаш ва таҳлил қилиш, видео ва аудио ёзувларни ўрганиш, рақамли далилларни сертификатлаш каби жараёнлар билан танишдик. Шунингдек, сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича тадқиқотлар, овоз орқали содир этилган жиноятларни аниқлаш, видео ва тасвирлар сифатини ошириш каби замонавий усуллар ҳақида ҳам қимматли маълумотларга эга бўлдик. Жараёнда Cellebrite, GrayShift va MSAB каби махсус дастурий воситалардан фойдаланиш амалиёти билан танишиб, касбий билимларимиз бойиди.

Очиғи, мен учун ушбу стажировканинг энг муҳим жиҳати фақат янги билимларни эгаллаш эмас, балки уларни Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятларини ўрганганим бўлди. Ўқув курси якунида иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, ўзимиз учун муҳим бўлган йўналишлар бўйича “Ҳаракатлар режаси”ни ишлаб чиқдик. Унда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари экспертизасини ривожлантириш, рақамли криминалистика имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳодиса жойларини кўздан кечириш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Тақдимотлар Корея Миллий суд-экспертиза хизмати ва КОICА мутахассислари томонидан юқори баҳоланиб, таҳлил ва келгусидаги ҳамкорлик дастурига киритиш учун қабул қилинди. Стажировка давомида Корея Миллий суд-экспертиза хизматининг ходимларни мунтазам ўқитиш, малакасини ошириш, лабораториялар хавфсизлигини таъминлаш ва халқаро аккредитация тизимини ривожлантириш борасидаги тажрибаси ҳам янгилик бўлди. KOLAS аккредитация тизими ва мутахассислар учун махсус таълим марказлари фаолияти бунга мисол.
Корея тажрибасидан келиб чиқиб, эксперт-криминалистика фаолиятида СИ имкониятларидан фойдаланиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш истиқболлари алоҳида аҳамиятга эга эканлиги яна бир бор намоён бўлди. Хусусан, Sridge – бармоқ излари тасвирини сунъий интеллект асосида яхшилаш, К-VОМ – овозли фирибгарликни аниқлаш, “Аrgos” эса дипфейк технологияларини аниқлаш имконини берувчи дастурларни Ўзбекистон эксперт-криминалистика бўлинмалари фаолиятига жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситаларининг вақтинчалик рўйхатини шакллантириш амалиётини жорий этиш ва мазкур ўқув курси давомийлигини ошириш бўйича таклиф билдирилди.
Шахсан ўзим Кореяда кўрган-ўрганганларимизни ўз фаолиятимизга татбиқ этиш, ҳамкасбларимиз билан баҳам кўриш имконияти мазкур халқаро лойиҳанинг энг катта натижаси, деб ҳисоблайман.
Алёна ЖУМАЕВА,
Жиззах вилояти ИИБ эксперт-криминалистика маркази бош эксперти, подполковник.