АЛДАШ ВА АЛДАНИШ МОЖАРОЛАРИ

Ёлғонга ёлғон, чинга чин дунё. Ёлғон дунёнинг ёлғонлари кўп экан. Буни алдаганлардан сўранг. Буни алданганлардан сўранг. Нега кейинги пайтда ҳаётимизда айрим одамлар бири-бирини алдашга муккасидан кетиб қолди. Юзингда кўзинг борми, деб ёлғон гапиришади, уялишмайди. Ўқишга, ишга ўтиш учун ёлғон, пул топиш учун ёлғон, мол-мулк сотиш учун ёлғон… Эҳ-е, ёлғон ҳамма соҳада, барча жабҳада бор. Ёлғоннинг орқасидан фирибгарлик урчиб бормоқда.

Норхол опа умр йўлдоши вафотидан сўнг иш излайди. Фаррошликнинг айби борми, кўча тозалаб, пул топди. Ҳалол меҳнат билан икки фарзандини оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказди. Катта ўғли Рустамжон банк соҳасида ишлашни орзу қиларди. У Тошкент шаҳридаги институтлардан бирига ўқишга кириш учун астойдил интилди. Икки йил репетиторга қатнади. Норхол опа ўғлимни ўқишга киритаман, деб таниш излай бошлади. Яхши кунларга деб йиққан пулларини, тилла буюмларини бир жойга тўплади. Таниш ҳам тезда чиқди. Холасининг ўғли Тошматжон “Тошкентда танишларим кўп, ўзим гаплашиб бераман, пулни тахлайверсинлар” дебди. Орадан бироз вақт ўтгач, Тошматжондан хабар келди. Беш минг “кўки”дан олиб келсинлар, дебди. Норхол опа бир амаллаб айтилган пулни қарз-қавола қилиб бўлсаям тўплаб, Тошматжонга етказди. Минг афсуски, Норхол опанинг ўғли ўқишга киролмади. Тошматжоннинг танишлари панд берди. Норхол опа холаси ва Тошматжон билан сану манга борди. Тошматжон номардлик қилди. Норхол опанинг пулини ана қайтараман, мана қайтараман, деб салкам бир йилни ўтказиб юборди. Охири Норхол опа пулдан воз кечиб юборди… 

Онахонни зор қақшатган Тошматжон кўпчилик одамларни фирибгарлик қилиб, алдаб юрган экан. Охири қўлга тушибди. Қамалиб кетди йигит. Гулдек хотини, жажжи фарзандлари бўзлаб қолди.

ххх

Ахтам бобо пенсияга чиққач, яхши ният билан Ҳажга бораман деб пластик картасига пул йиға бошлади. Пули 30 миллион сўмдан ошгач, доллар қилиб қўйсаммикан, деган ўй хаёлидан ўтди. Пулимнинг қурби кетиб қолмасин, деб банкка йўл олди. Отахон “дарди”ни банк ходимига айтди. Унга навбатда туринг деб бир парча қоғоз беришди. Юмшоққина диванда навбат кутиб турган Ахтам бобонинг олдига ёш йигитча келиб шундай деди:

—Бобожон, навбат кутиб нима қиласиз, пулингизни банкоматдан ҳам доллар қилиб олсангиз бўлади-ку!

— Ие, шунинг йўлини билмаймизда, болам. Қаерда пул қилиб олсам бўлади.

—Юринг, бобожон мен ўзим Сизга доллар қилиб бераман.

Ахтам бобо йигитнинг орқасидан эргашди. Улар банк ҳовлисидаги банкоматга киришди.

—Пластикингизни беринг, бобожон, ҳозир беш дақиқада пулингизни доллар қилиб бераман.

Отахон пластигини йигитни қўлига тутқазди.

—Коди неччи бобожон?

Ахтам бобо пластигининг кодини айтгач, йигитча роса уринди, бир нарсалар деб ғудранди. Охири жаҳл билан кимнидир сўкдида, отахонга юзланди.

—Бобожон, бу қурғур аппарат ишламаяпти, энди иложи йўқ, банкка кириб навбатда тураверасиз, навбатингиз келса дарҳол доллар қилиб беришади пулингизни.

—Оббо, омадим чопмади, менга келганда ишламай қолганини қара-я, ўғлим! Ҳай, майли, банкдан қилдириб оламан. Санга раҳмат болажоним!

—Майли бобожон, мен шошиб турувдим, соғ бўлинг!

Йигит банкоматдан чиқиб зумда кўздан йўқолди. Ахтам бобо эса банкка кириб, яна бояги жойига ўтирди. Ярим соатлар ўтгач, унинг қўлидаги қоғозчага ёзилган рақамни эълон қилишди. У айтилган кассага борди. Отахон кассир қизга ниятини тушунтирди. Лекин банк ходими отахоннинг пластигида бир сўм ҳам пул йўқлигини айтиб, унга карточкасини қайтариб берди. Ахтам бобо жаҳл билан деди:

—Қизим, ўз ишингга масъулият билан ёндашгинда, пенсионер одамни овора қилма, ўттиз миллион сўм пулим бор пластигимда, сен нотўғри текширгансан, қайтадан кўргин буни…

 Отахон пластигини қайта-қайта текширтирди, аммо пули ечиб олинган эди. Шу куниёқ Ахтам бобо ички  ишлар бўлимига мурожаат қилди.

ххх

Соҳибанинг телефони жиринглаб қолди. Шоша-пиша қўнғироққа жавоб берди:

—Алло, эшитаман.

—Ассалому алайкум, биз тижорат банкиданмиз, Сиз эллик миллион сўм ютуққа эга бўлдингиз, табриклаймиз.

—Вой ростданми, йўғ-ей, ростданми, қайси тижорат банки бу?

—Қайси банкнинг мижозисиз, билмайсизми қайси банкдан ойлик маош олишингизни, муҳими бу эмас, муҳими омадингиз чопди, пластик картангизга зудлик билан эллик миллион сўмни ўтказишимиз керак, раҳбаримизнинг буйруғи бу, тезроқ карта рақамингизни айтинг.

—Ҳо-о-зир, картамни олай номерини айтвораман…

Соҳиба шошиб қолиб, банк пластик картаси рақамини айта бошлади.

—Ўн дақиқада Сизга хабар боради,опажон, —дея суҳбатни тугатди нотаниш одам.

Соҳибанинг юраги тез-тез ура бошлади. “Наҳотки омадим чопган бўлса-я, эллик миллион сўм, уни қандай ишлатаман энди, ҳа, турмуш ўртоғимга билдирмайман, тилла тақинчоқлар олиб ташлайман…”, дея хаёл сура бошлади.

Шу пайт телефони жиринглаб, “СМС” келди. Очиб ўқий бошлади. “Сизнинг картангиздаги 3 миллион 224 минг сўм пул шу рақамли картага ўтказилди”.

Соҳибанинг ранги оқариб кетди. Бояги телефон рақамини жаҳл билан тера бошлади. “Рақам ўчирилган” деган овоз такрор-такрор янгради. Алданганини сезди ва дарҳол маҳалла участка нозирининг ҳузурига югурди. 

ххх

Жиззах шаҳрида яшовчи, фуқаро Оқила Шабаева (исми-шарифи ўзгартирилган) «olx.uz» платформасида «Кредитга тилла тақинчоқлар» номли эълон берган аёл билан телеграм мессенжери орқали боғланади. Аёл 16 грамли тилла тақинчоғини сотмоқчилигини билдиради. Улар нархини келишишади. Оқила тақинчоқ учун олдиндан 3 500 000 сўм пулларни номаълум шахснинг банк картасига ўтказиб беради. Соддалик оқибатида пулларни тушуриб олган шахс мессенжердаги ёзишмаларни ўчириб ташлайди. У ғойиб бўлган. Шундан сўнг Оқила алданганлигини билиб тегишли органларга мурожаат қилишга шошилади…

***

Ҳозирда глобал ахборот майдонида кибер макон билан боғлиқ янгидан-янги таҳдидлар юзага келмоқда. Шу боис виртуал оламдаги ҳужумлардан ҳимояланиш масаласи дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда. Ачинарлиси, кейинги йилларда электрон тўлов воситалари орқали содир этилган ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари кўпайиб бораяпти.

Мисол учун сохта ҳаволалар юбориш орқали тасдиқловчи кодни қўлга киритиб, карта бошқарувини эгаллаш, онлайн савдо платформаларида турли алдовлар билан товар ва хизматлар учун тўловни олдиндан амалга оширишга эришиш, телефон қўнғироқлари орқали банк карта бошқарувини тасдиқловчи кодни қўлга киритиш, шахсларни сохта крипто-биржаларга қизиқтириш ва пул ўтказишга эришиш, хориждан мерос ёки пул юборишни ваъда қилиб, почта харажатларига тўлов сифатида пул ўтказдириш каби усуллар билан содир этилган ҳолатлар аниқланган.

—Бугунги кунда ахборот технологиялари тобора ривожланиб боргани сари кибержиноятчилар ҳам улардан фойдаланиб, ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этмоқда,—дейди вилоят ИИБ ТҚХ Киберхавфсизлик бўлинмаси ходими, катта лейтенант Маъруф Қаршибоев.— Хусусан, фуқароларнинг пластик карточкаларидан пулни ўмариш сезиларли даражада ошди. Табиийки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бу жиноятлар аниқланиб, тегишли жазо чоралари кўрилмоқда ва жарбланувчиларга зарар ундириб берилмоқда. Мисол учун, вилоят ИИБнинг “102” хизматига Шароф Рашидов туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган Абилова Гулсанам (исми-шарифи ўзгартирилган) мурожаат қилди. У  Телеграм мессенжерида пулларини кўпайтириб беришни ваъда қилган сохта трейдер бўлган шахсларга ишониб, улар берган банк пластик рақамига 20 миллион 800 минг сўм пул ўтказиб беради. Алданиб қолгач, дарҳол ички ишлар бошқармасига қўнғироқ қилган.

Шунингдек, шу туманда яшовчи Ойсара Қувонова (исми-шарифи ўзгартирилган) ҳам чув тушди. У ҳам пулини кўпайтириб бераман, деган сохта трейдерларга 4 миллион 825 сўм пулини ўтказиб беради. Яна бир фуқаро 3 миллион 800 минг сўм пулини улар берган пластик карта рақамига ўтказади.

Ушбу ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б, г” бандлари билан  жиноят иши қўзғатилди.

Мазкур жиноят иши юзасидан вилоят ИИБ ТҚХ Киберхавфсизлик бўлинмаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида жиноятчилар қўлга олинди. Улар—Наманган вилоятида 2004 йилда туғилган Комронбек Сардоров билан 1997 йилда туғилган Лутфулла Обиджонов (исми-шарифлари ўзгартирилган) экан. Жиноятчилар тегишли жазосини олди.

Хуллас, бундай воқеаларни санайверсак адоғи кўринмайди. Бу қилмишнинг зарарли томонлари, жамият учун хавфли жиҳатлари ҳақида қанчалик кўп гапирилгани билан у ҳамон давом этаяпти. Одамлар фирибгарлар томонидан алданиб қолаяпти. Лекин ҳеч бир кимса хомтама бўлмаслиги керак. Менинг қора қилмишимни ҳеч ким билмади, мен пишиқман, қўлга тушмайман, деб ўйламасин.  Ким жиноят содир этган бўлса, албатта жазосини олаяпти. Ҳеч бири жазосиз қолмаяпти. Шунинг учун биз бошқаларни бундай жиноятларга қўл урмасликка чақириб қоламиз. Айниқса, бировнинг ҳаққини ейиш, алдаб пешона терини тўкиб топган пулини олиб қўйиш бир кун бўлмаса, бошқа бир куни барибир фош бўлади. Бундай жиноятнинг инсон ҳаётига, фарзандларга, оиласига салбий таъсирини ювиб ташлаб бўлмайди… Ҳалқимиз “Ҳаром тешиб чиқади”, деб бежиз айтмаган. Юқоридагилардан кимдир сабоқ чиқарса, кимдир хато йўлдан қайтса, ажаб эмас. Бировни алдаб бир умр виждон азобида юргандан кўра… 

                                                                                                     Васил ИЛЁСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *