Инкор этмаслик керакки, бугунги давр кишиси – у ёш бўладими, ҳаттоки кекса бўлсини ижтимоий тармоқларсиз туролмайдиган бўлиб қолган. Натижада ижтимоий тармоқларнинг тавсия алгоритмлари бугунги кунда фойдаланувчиларнинг ахборот муҳити, дунёқараши ва ҳатто шахсий ўзлигини шакллантиришда муҳим омилга айланиб қолди. Айниқса, алгоритмлар ёшларнинг ҳаётий мақсадлари, қадриятлари ва идентитетини маълум даражада “кодламоқда”, яъни улар қандай маълумотни кўриши, нимага қизиқиши ва қайси ғояларни муҳим деб қабул қилишига таъсир кўрсатаётир.
Тавсия алгоритмлари инсон қизиқишларини кузатиб боради ва унга кўпроқ эътибор қаратадиган контентни тақдим этади. Масалан, бир ёш спортга қизиқса, унга спорт мавзусидаги материаллар кўпроқ чиқади. Аммо алгоритмнинг асосий мақсади тарбиявий эмас, балки фойдаланувчининг платформада қолиш вақтини узайтириш ҳисобланади. Натижада ёшлардоимий равишда маълум бир турдаги ғоя ва қарашларга дуч келади, муваффақият ҳақида бир ёқлама тасаввурларга эга бўлиши мумкин. Ташқи кўриниш, бойлик ёки машҳурликни ҳаётнинг асосий мақсади сифатида қабул қилиши эҳтимоли ортади, ўз қарашларини тасдиқловчи ахборот муҳитида яшай бошлайди. Бу ҳолат илмий адабиётларда “ахборот пуфаги” (filter bubble) деб аталади.
Бир ёдга олайлик, телефондан олдинги даврларда ёшларнинг мақсадлари асосан оила, маҳалла, мактаб, китоб ва жамият таъсирида шаклланар эди. Кўчада кишиларнинг танбеҳи ёки мақтови бола учун катта илҳом ёки тушкунлик манбаи бўла оларди. Бугун ижтимоий тармоқлар ҳам кучли тарбия институтига айланди. Масалан, блогерларнинг ҳаёт тарзи муваффақият мезони сифатида намоён бўлади, тез бойиш ғоялари меҳнат ва билим қадриятларидан устун қўйилиши мумкин ҳамда машҳурлик касбий маҳоратдан муҳимроқдек кўриниши эҳтимоли бор. Натижада ота-она ёки катталарнинг ҳаётий гаплари бола онгигача етиб бормалиги мумкин. Бу гаплар у амал қиладиган виртуал дунё сабоқларига мос эмаслиги сабабли ҳаётий эмасдек туюлиши мумкин.
Бу ўринда педагоглар олдида яна бир муҳим вазифа пайдо бўлади. Педагогик нуқтаи назаридан алгоритмларни тақиқлаш ёки улардан қочиш эмас, балки ёшларда танқидий фикрлаш кўникмасини шакллантириш муҳим. Ёшларда медиа саводхонлик, рақамли маданият, ахборотни таҳлил қилиш қобилияти, манбаларни текшириш кўникмаси ривожлантирилиши зарур. Ўқувчиларга алгоритмлар қандай ишлаши, нима учун айрим контентлар тавсия қилиниши ва уларнинг қарор қабул қилиш жараёнига қандай таъсир қилиши тушунтирилиши лозим. Яъни инсон, онгли мавжудот бўлиб, алгоритм унинг танловини бошқаришга йўл қўйиб бўлмайди. Бу ўринда педагогиканинг вазифаси — алгоритмларга қарши курашиш эмас, балки ёшларни улар билан онгли муносабатда бўлишга ўргатишдир. Бунинг учун аввал ўқитувчининг ўзида рақамли гигиена кўникмаси мавжуд бўлиши керак. Бунинг учун педагоглар тайёрлаш олийгоҳларида рақамли дунёда кибермаданият бўйича малака ва кўникмаларни шакллантириш амалитига эътибор қаратиш зарур. Рақамли асрда ҳақиқий тарбия — ёшларни алгоритмларга қарам истеъмолчи эмас, балки ахборотни англайдиган ва мустақил қарор қабул қила оладиган шахс этиб тарбиялашдир.
Мурод УСМОНОВ,
ЖДПУ бошланғич таълим методикаси кафедраси доценти.