АСКАР ОНАЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

Ватанни ҳимоя қилиш шарафли ва муқаддас бурч. Мард ва жасур ўғлонларни дунёга келтириб, уларни ҳақиқий ватанпарвар қилиб вояга етказган аскарларнинг оналари эса ҳар қанча эъзоз ва эҳтиромга муносиб.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб Бахмал туманидаги ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда ташкил этилган тадбирда ҳам кўплаб ана шундай жиззахлик аскарларнинг оналари шарафланди. Улар ведеоконференц алоқа тарзида Наманган вилоятида Чегара қўшинлари сафида муддатли ҳарбий хизматини ўтаб, Ватан олдидаги ўзининг шарафли бурчини адо этаётган фарзандлари билан мулоқотда бўлишди. Самимий суҳбатда ота-оналар бугунги кунда юртимиз сарҳадларини ишончли қўриқлаб келаётган фарзандларини кўриб, улар билан фахрланганликларини эътироф этишди.

—Мен оддий аскар Бекзоджон Маъмировнинг онасиман, ўғлим Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Чегара қўшинлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтамоқда, —дейди Фарида Бегимқулова. – Аввало мана шу “Аскар оналарини шарафлайди” деб номланган тадбирни ташкил қилган давлатимиз раҳбарларига ва ДХХ Чегара қўшинлари командирларига ўзимнинг миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ўғлимни кўриб, соғинчим бироз бўлса-да босилди. Фарзандим билан суҳбатлашганимда унда анчагина ижобий ўзгаришлар бўлганини ҳис қилдим. Хизматни аъло даражада ўтаётган экан. Менга атаб ёзган шеърини эшитиб, кўнглим кўтарилди. Биз оналарга кўрсатилаётган эҳтиромдан бошим кўкка етди. Эл-юрт корига ярайдиган ўғлим борлигидан, унинг она Ватанини қўриқлаётганидан фахрландим.

“Аскар оналарини шарафлайди” деб номланган онлайн видео мулоқотда Жиззах вилоятида хизмат қилаётган наманганлик аскарлар ҳам ўз ота-оналари ва яқинларига ўзларининг соғинчли саломларини йўллашди. Она, Ватан ва унинг муқаддас тупроғини улуғловчи шеърлари ва қўшиқларини армуғон қилишди.

Тадбир давомида меҳмонлар марҳум чегарачи, оддий аскар Қутлуғжон Раҳмонов ўқиган Бахмал туманидаги 3-сонли умумтаълим мактабига таклиф этилди. Суҳбатда мард ўғлоннинг Ватан тинчлиги, давлат чегаралари далсизлигини таъминлаш йўлида кўрсатган жасорати ва қаҳрамонлиги ҳақида сўз юритилди.

Жасур ўғлоннинг бюсти пойига гуллар қўйилиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

В.ҒАЙБУЛЛАЕВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *