2 февраль—Бутунжаҳон сувли-ботқоқли ҳудудлар куни. Вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизимига пресс-тур ташкил этилди. АОКАнинг Жиззах вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган пресс-турга вилоятдаги ОАВ вакиллари ва журналистлар таклиф этилди.
Сувли-ботқоқли ҳудудлар табиатнинг ажралмас бўлагидир. Улар сайёрамизда экологик мувозанатни сақлаш, озиқ-овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш, биологик хилма-хилликни таъминлаш, жамиятни барқарор ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ушбу ноёб табиий ҳудудларни муҳофазалаш мақсадида 1971-йил 2-февралда Эроннинг Рамсар шаҳрида сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисида халқаро конвенция қабул қилинган. Айни пайтда Ўзбекистон ҳам мазкур конвенция аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Денгизкўл 2002-йилда, Aйдар-Aрнасой кўллар тизими 2008-йилда, шунингдек, Қуйимозор ва Тўдакўл сув омборлари 2020-йилда Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилган.
2008 йил 20 октябрь куни “Рамсар” Халқаро конвенциясининг 10-конференциясида кўллар тизимининг 63,3 минг гектар ер майдонида Арнасой орнитологик буюртмахонаси ташкил этилган ва ушбу ҳудудга халқаро муҳофаза этиладиган кўллар мақомини белгиловчи 1841-сонли сертификати берилган ва сув-ботқоқ қушларининг қишлаш жойи сифатида эътироф этилган.
Кўллар тизимининг умумий майдони 370 минг гектар, узунлиги 168 километр, ўртача кенглиги эса 25-30 километрни ташкил этади. Энг чуқур қисми 30-50 метрни, ўртача чуқурлиги 7 метрни ташкил этади. Айдар-Арнасой кўллар тизимининг сувли-ботқоқли ҳудудлари ўзига хос флора ва фаунаси билан ажралиб туради. Бугунги кунда сув ўтлари ва балиқлар билан озиқланадиган 100 дан зиёд турдаги қушлар бор. Ҳар йили декабрь, январь-март ойларида бу ерга 400 га яқин қуш турлари қишлаш учун учиб келади. Ҳаттоки, сўнгги йилларда Оролбўйи ҳудудларидан пушти ранг фланминголарнинг учиб келиши ҳам кузатиляпти.
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, кўллар тизими қирғоқлари бўйидаги 800 гектар ерда дарахт ва буталар экилмоқда. Айдар-Арнасой кўллар тизими шу ҳудуддаги табиат мувозанатини сақлаб туришда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун бу кўлларни асраш табиат олдидаги сизу бизнинг инсонийлик бурчимиз ҳисобланади.
Зоир ЭРГАШЕВ.