Дилбар Саидовани танимаган, билмаган одам кам орамизда. Опа ҳалол меҳнати, тадбиркор-ташаббускорлиги, халқ дарди учун елиб-югуриб юриши, намунали ҳаёт тарзи сабаб чин маънода аёлларнинг қандай улуғ ишларга қодир эканлигини кўрсатиб бера олган инсон. Унинг муборак етмиш ёшлик таваллуд айёми маҳалламизда катта тантана, опага, умуман, аёларга нисбатан эҳтиром ва тавозе тарзида нишонланди.
-Дилбар Саидованинг меҳнат фаолиятига ярим аср тўлган бўлса, унинг ўттиз йили Совунгарлик маҳалласида ўтди, – дейди “Устоз ва шогирдлар учрашуви” тадбирида сўзга чиққан маҳалла оқсоқоли Мурод Исоқов. – 22 минг нафар аҳолиси бўлган Охунбобоев ҚФЙ раиси ўринбосари вазифасида ишлаганида ҳам одамлар қалбига йўл топа олиб, кексалар, ногиронлар, етим ва кам таъминланганларга ғамхўрлик қилишни биринчи даражали вазифа деб билди. Икки юздан зиёд ажримларнинг олдини олди. Санасак, бундай хайрли ишларининг адоғи йўқ. Биз Дилбар Саидовадан ишчанлик ва халқпарварликни ўргансак арзийди.
Опанинг кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида қўлга киритган ютуқлари ҳақида шогирдлари Раҳимжон Сиддиқов, Шамси Исматова, Раъно Яхёева, маҳалла раислари Одилжон Қудратов, Мўминжон Ўринбоевлар илиқ фикрлар билдиришди. Раҳбарлик тажрибаси, ўз устида ишлаш, оилапарварлик, камтаринлик, юксак маънавият, ўзбекона лутф каби ижобий хислатларни ўрганиб, ҳозирда ҳам маслаҳат олиб туришдан тортинмасликларини баён этишди.
Айни вақтда бу тажрибали инсон Ш.Рашидов тумани “Бувижонлар гуруҳи”ни бошқармоқда. Тумандаги 48 та маҳаллада “Бувижонлар гуруҳи” фаолият кўрсатади. Тузилманинг маҳаллаларда маънавий-ижтимоий муҳитни яхшилаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оилаларда низоли вазиятларни тезкор ва самарали ҳал этишда ўзига хос тажриба мактаб сифатида шаклланиб боришида Д.Саидованинг моҳирона раҳбарлиги катта ўрин тутади. Ҳорманг, толманг, билим ва тажрибаларингизни ёшларга ўргатишдан чарчаманг деймиз!
Қўйсиной ЗИЯЕВА,
Меҳнат фахрийси,
«Совунгарлик» маҳалласи бувижонлар гуруҳи раиси