Агар қиз бола ўқимаса жамиятда илмсизлик даражаси ортади ва аёллар жамиятда ўз ўрнини йўқотади. Барча касбларда эркаклар ишлай бошлайди. Жамиятда катта бурилишлар содир бўлади. Ҳалигача атрофимизда “Қиз бола ўқиши шартми?” дея эскича фикрловчилар талайгина топилади. Қиз бола ўқиши шарт! Хўш, нима учун?
Аввало динимиз Исломда ҳам илм олишга даъват этилган. Аёлларга келадиган бўлсак бунга энг ёрқин мисол Хадича (р.а.) — савдогар, мустақил ва ақлли, зиёли аёл бўлганлар. Қиз болалар ҳам ўғил болалар каби билим олишга, ўз қобилиятларини ривожлантиришга ҳақли. Дунёдаги ривожланган давлатларда аёлларнинг таълим олиш даражаси 90 фоиздан юқори — бу уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва ижтимоий тенглигига олиб келган.
Яқинда ижтимоий тармоқларда оқ кўйлак кийган бир неча қизлар «Менга эр керак» деган ёзув билан кўча-кўйларда юриб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу манзарадан илмсизлик, дунёқарашнинг торлигини кўриш мумкин.
Қизларни ўқитиш жамиятнинг тараққиёти учун ҳам зарурий шартдир. Аёл билимли бўлса, аввало оиласига, фарзандларига, жамиятга илм улашади. Шунинг учун ҳам, ҳар бир қиз фарзанднинг ўқиши шарт, ўз ҳаётини мазмунли яшаши учун ҳам.
Таълим қизларга мустақил қарор қабул қилиш, иқтисодий эркинликка эришиш, келажакда ўз ҳаётини бошқара олиш имкониятини беради. Билимли она болаларига яхши тарбия, кенг фикр ва соғлом ҳаёт тарзи беришга қодир бўлади. Бу эса келажак авлоднинг салоҳиятини белгилайди. Ўқимишли қиз ўз ҳуқуқларини билади, ўзини ҳимоя қила олади, жамиятдаги салбий ҳолатларга қаршилик кўрсата олади. Аёл киши келажакда фарзандларига тўғри тарбия бера олиши, ватанига олим-у уламолар етиштириб бериши учун ҳам ўқиши шарт!
Нафиса ПЎЛАТОВА