МАҲАЛЛА АҲЛИ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда апрель ойи “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб белгиланган бўлиб, бу борада аллақачон ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тарғибот-ташвиқот тадбирлари бошланган. Жумладан, партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ҳам жойларда мазкур ойлик доирасида давра суҳбатлари, учрашувлар, турли хил челленжлар ташкил этилмоқда. Мазкур ойлик доирасида  партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан Жиззах шаҳридаги “Сайилжой” МФЙда “Аҳолининг коррупцияга қарши курашишда фаоллигини ошириш-қонун устуворлиги гарови” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши ходимлари, Жиззах шаҳар Адлия бўлими масъул ходими, Адвокатлар палатаси вилоят бошқармаси адвокати, маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси Ориф Шукуров кириш сўзи билан очиб, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканлиги, ушбу иллатнинг жамиятга, тараққиётга ва хавфсизликка катта таҳдид эканлиги ҳамда ҳар бир онгли инсон буни чуқур англаши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбирда Жиззах шаҳар Адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрист консульти Маҳфуза Ёқубжонова сўзга чиқиб, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик тўғрисида тадбир иштирокчиларига тўлиқ маълумот берди.

Бундан ташқари, тадбирда Адвокатлар палатаси Жиззах вилоят бошқармаси адвокати Алиқул Сариқулов йиғилганларга коррупцияга қарши фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий таълим ва тарбияни кучайтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан маъруза қилинган мавзулар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашиш ойлиги доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан апрель ойи давомида МФЙларда, таълим ташкилотларида, тиббиёт муассасаларда тарғибот-ташвиқот ишлари давом этади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *