Бугунги кунда оғма (девиант) ҳулқнинг замонавий шаклларидан бири – ахборот ва ахборотни узатувчи воситаларга мойиллик ва унинг оқибатида беҳуда сарфланаётган катта миқдордаги вақт бўлиб қолмоқда. Интернет дастлаб олимлар ва тадқиқотчилар ўртасида алоқа воситаси сифатида яратилган бўлса, ҳозирда у кенг қамровли хусусият касб этмоқда. Интернет томонидан таклиф этилаётган янги имкониятлар тассаввуримиз доирасига сиғмайди. У орқали инсон ўз имконият ва қобилиятини виртуал даражада чексиз ўстириш имконига эга бўлди. Бу интернет томонидан яратилган нореал дунё ёки «Иккинчи дунё» номи билан аталувчи виртуалликдир.
Иккинчи дунё бу – уч ўлчамли муҳит бўлиб, унга ҳар бир киши компьютер қаршисида ўтирган ҳолда кириши мумкин. Бу метафораларга тўла дунёда кишилар кўргазмаларга ташриф буюради, маҳсулотлар буюртма беради, концертлар, киноларга боради ва бир-бирлари билан суҳбатлашади. Шу тариқа инсонлар ҳулқ-атворидаги асосий ўзгаришлар шахсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган ахборот коммуникатив технологиялар пайдо бўлиши билан содир бўлди.
Ахборот олиш борасидаги аҳолининг энг фаол қисми ёшлар ҳисобланади. Маълум даражада ижтимоий фойда келтираётган ахборотларнинг истеъмолчилар, яъни ёшлар томонидан изланиши яхши, аммо ҳеч қандай асосга эга бўлмаган, одамларга зарар етказишга, ўз-ўзини ўлдиришга, ҳаттоки, инсониятга қарши қурол кўтаришга ундовчи ахборотларга ҳам айнан ёшлар сабабли бўлмоқда. Гоҳида беозоргина бўлиб кўринган оддий реклама ҳам муайян мафкуравий мақсадларни ўзида ифода этади.
Қўл ҳаракатига бўйсуниб…
Онгни бошқариш орқали одамни ҳар қандай хатти-ҳаракатга ундаш мумкин. Психолог ва социолог олимларнинг таъкидлашича, манипуляция – инсон онгига таъсир турларидан бири ҳисобланиб, ундан кишини маълум хатти-ҳаракатларни амалга оширишга билвосита ундаш орқали бир томонлама ютуқка эришиш мақсадида фойдаланилади. “Манипуляция” лотинчадан олинган бўлиб, “қўл ҳаракати” деган маънони билдиради. Ҳозирги пайтга келиб ахборот тизими бутун жаҳонни қамраб олди. Интернет, уяли телефон алоқаси, радио ва телевидение умумжаҳон миқёсида кенг тарқалди. Халқлар, минтақалар, қитъалараро алоқалар жадаллашди. Инсониятнинг муваффақиятлари ҳам, кулфатлари ҳам глобал характер касб этди. Таассуфки, маданий гегемония ўрнатиш ўзга ҳудудларни ўз таъсир доирасига олиш, инсон онгини бошқаришнинг кенг тарқалган технологиясига айланяпти.
Ғарбда одамлар онгининг манипуляция қилинаётгани ҳақида кўп ёзишган. Бу “оммавий маданият” нинг илк таъсиридан бошланган. Бу ҳақда испан файласуфи Ортега Гасетт: “Кўпчилик одамларда фикр йўқ. Халқ ҳеч қачон, ҳеч қандай фикрга эга бўлмаган. Чунки у борлиқни назарий англай олмайди. Бу эса унинг тўғри қарорлар қабул қилишига ҳалақит беради. Шундай экан, фикр одамларнинг миясига ташқаридан, худди машинага мой қуйилганидай босим билан киритилиши керак”, деган эди. Олим жамиятга фикрни босим остида, зўрлаб сингдириш яхши эмаслигини билади. “Бироқ, − дейди у, − одамлар манипуляция қилинмаса, жамиятда анархия пайдо бўлади. Бу эса жамиятни инқирозга олиб келади. Жамият нурайди, емирилади”.
“Оммавий маданият” хавфи нимада?
Муайян ғояларни онг ости тузилмаларига сингдириш механизмидан мухолифлар кенг фойдаланмоқдалар. Ўз-ўзидан, табиий равишда кечувчи исталган одам ёки ҳайвонда бирор-бир нарса ёки ҳодисага нисбатан майлни юзага келтирувчи психологик механизмнинг ишлаш тартиби ўта оддий бўлиб, бир жинс, бир хил мазмун ёхуд шаклдаги нарса ёки информацияни кетма-кет уч мартадан кўп кўрсатиш ва эшиттириш аввалдан кутилган самарали натижаларни беради. Шахсга кўрсатилган мақсадли таъсир эса онг ости тузилмаларида муайян вақт мобайнида тўпланган маълумотларни тасдиқлаш ёки инкор этиш жараёнларининг бошланишига, бошланганда ҳам ўзига хос автоматик тарзда, яъни инсон иродасидан ташқари ҳолда бошланиб кетишига асос бўлади. Бу ерда мотив, яъни нимага инсон кўпроқ мойил бўлгани ҳам муҳим аҳамият касб этади. Инсон, айниқса, ўзи хоҳлаган нарсанинг тасдиғига эришишга интилади. Шу боисдан мухолифларимиз қайси маълумотларни беришдан ҳам кўра уларни қандай тарзда етказиш, асосан, суҳбатдошда хоҳиш, майл уйғотишга катта эътибор қаратади. Айниқса, манипуляциянинг таъсири ва оқибатларида сохта диний ташкилотлар, ақидапараст гуруҳлар фаолияти яққол кўзга ташланади.
Бунда аввало, одамларнинг онгига таъсир этиб, уларнинг хатти- ҳаракати (индивидуал жисмоний ҳаётни бошқариш, тобелик ва бўйсунувчанликни пайдо қилиш), олинаётган маълумотнинг ҳақиқий ҳолатини яшириш ёки воқеликни бузиб кўрсатиш, танқидий маълумотларни таъқиқлаш, муайян ғояни мажбуран сингдириш, воқеликдаги воқеа- ҳодисаларни “яхши” ва “ёмон”га ажратиш, ҳиссиётларни (шахс ҳиссиётларини заифлаштириш, унга айбдорлик туйғусини сингдириш, уни гуноҳ, камчилик ва хатоларни расман тан олишга ундаш, ундаги қўрқув ҳиссидан фойдаланиш) назорат этиш орқали ҳар қандай вазифа ёки топшириқни бажарадиган, муайян ғоя ва мафкурага тобе этилган, ўзлигидан маҳрум бўлган кимсалар шакллантирилади. Бунга қарши биз ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз лозим. “Оммавий маданият”нинг ёвузлиги шундаки, у одамзоднинг фикрлашига тиш-тирноғи билан қарши. Тўғри, бир қараганда “оммавий маданият” ҳурфикрлилик, инсон эрки тарафдоридек кўринади, лекин негизига эътибор берилса, инсоннинг фикрлашига, тафаккур қилишига зид экани аён бўлади. Хўш, бундан кўзланган мақсад нима? Фикрсизлик оқибатида тобе бўлиш – куч билан бўйсундирилгандан кўра минг чандон фожиали.
Шундай қилиб, уларнинг мақсад-муддаолари шунда аён бўладики, инсонларнинг онгу тафаккурини чалғитиш йўли билан уларни маъно- мазмунсиз ҳаётга йўналтиришга ҳаракат қиладилар. Шу билан бирга улар одамларнинг ихтиёрларини ўзига бўйсундириш оқибатида – ўзлари хоҳлаган ғоя-мафкурасини сингдиришга уринадилар.
Ахборот маконида глобаллашув ва кучли рақобат шароитида мафкуравий иммунитетни шакллантириш, ёш авлоднинг медиа саводхонлиги ва интернетдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, миллий сегментни ривожлантириш, ёшларни ахборот-психологик хуружлардан химоя қилиш технологияларининг назарий асосларини такомиллаштириш амалий ахамиятга эга. Бундан кўринадики, ўсмирлар замонавий ахборот хуружларининг тўғридан-тўғри объекти саналади. Шу боис ўсмирлар онгини заҳарловчи зид ғоялар таъсиридан асраш ва бу каби ахборотларнинг тўрига илинмаслик мақсадида ахборотни холисона баҳолаш, ахборотлар тизимида ижобий ва салбий таъсирга эга хабарларни “фильтр”лаш – яъни, фойдали ахборотни қабул қилиб, зарарли ахборотлар таъсирига берилмаслик кўникмаларини шакллантириш давр талаби бўлиб қолмоқда.
Санжар НОРБЕКОВ.