Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан ижтимоий тармоқда рўзадорлар таомлари ва ширинликлари ҳақида “ичингни чиқарадиган” таомлар, “Саҳарлик, ифторликда тўқ тутадиган ширинлик” сарлавҳалари остида постлар қўйилиши трендга чиқди.
Рамазон – очликни ҳис қилиш, мискинлар шароитини ўзида синаб кўриш ойи. Саҳарликда тўйиб овқатланиб олиб, кун бўйи шуни кучи билан юриш ойи эмас. Ёки ифторликда ҳаддан ортиқ овқатланиб олиб, таровеҳ намозини ўқиш пайтида лоҳасланиб ўтириш ойи эмас. Рамазон ойида дастурхонни ноз неъматлар билан тўлдириб ташлашдан тийилишни ва шу билан нафсимизни тарбия қилишни ўрганишимиз керак.
Бир неча ижтимоий тармоқ каналларида нишолда ширинлигининг ажойиб хусусиятлари ҳақидаги шу даражада кўп маълумотлар бериляптики, улар билан танишиб чиқсангиз, нишолдани истеъмол қилган киши камида 150 йил яшар эканда деган хулосага келасиз.
Ҳозирда қарийб барча озиқ овқат маҳсулотларига шакар қўшилади. Ҳаттоки, кутмаган жойингда ҳам (нон, соуслар, тузламалар, енгил газаклар, шарбатлар, таомлар каби) шакарга ўрин бор. Нима учун озиқ овқат маҳсулотларига шакар қўшилади? Шакар таъмни яхшилайди, хушбўйликни таъкидлайди, таомларни янада тўйимли қилади, маҳсулотларнинг сақланиш муддатини узайтиради. Шу билан бирга ширинликка тобеликни келтириб чиқаради.
Шакар ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар истеъмолчиларнинг ширинтомоқлигидан, яъни ширинликка боғланиб қолишидан фойда кўришади. Инсон организм ширинлик истеъмоли учун қуйидагича ортиқча вазн, ҳолсизлик, кайфият ўзгаришлари, тери ва гормонлар билан боғлиқ муаммолар каби ҳолатлар билан бадал тўлайди.
Асосан рамазон ойида кўплаб тайёрланадиган нишолда, парварда, ҳалво, наввот каби шарқ ширинликлари шакар маълум бўлган замонлардан бери моҳир қандолатпазлар томонидан тайёрланиб келинади. Нишолда ширинлигининг нишолла шаклидаги номланиши хато эмас, балки тожик қардошларимизнинг таъсирида юзага келган (нишолда тожик тилида нишолла бўлади).
Ширинлик асосан шакар, тухум оқи ва етмак ўсимлиги дамламасидан мис қозонларда тайёрланади. Қўлланиладиган масаллиқларнинг ҳаммаси табиий ҳисобланади. Етмак ўсимлигининг илдизи бих ҳам деб аталади ва зираворлар бозорида доналаб сотилади. Ҳозирги ширинликпазлар етмак ўрнига кимёвий усулда ишлаб чиқариладиган лимон кислотасидан ҳам фойдаланишади.
Шакарга иссикқлик ишлови берилганида инвертланади, яъни ўзининг зарарлилик хусусиятини камайтиради. Тухум оқи етмак эритмаси билан уйғунликда турғун кўпик ҳосил қилади. Махсус юлғун ўсимлиги новдаларидан тайёрланган чилчўп билан интенсив ва узоқ муддат аралаштирилганида барча қисмида бир хил енгил сарғиштоб масса ҳосил бўлади.
Нишолдани овқатланишдан олдин истеъмол қилиниши иштаҳанинг бўғиши ҳисобига камроқ таом истеъмолини таъминласа, овқатланиб бўлгандан кейин истеъмол қилинганда ошқозонга овқатланиш ниҳоясига етганлиги ҳақидаги сигналлари юборилиши билан изоҳланади. Етмак ўсимлиги илдизи таркибидан маҳсулот таркибига ўтган фитин моддаси мураккаб моддаларнинг оддий моддаларгача парчаланишига рағбат беради.
Нишолда истеъмолида ҳам меъёрни тутган маъқул. Нишолда эндокрин без касалликлар (турли даражадаги қанд касалликлари каби) ва юрак қон томир тизими касалликлари (юрак етишмовчилиги, қон босими, тромблар каби) билан оғриган беморларга тавсия этилмайди.
Али Аҳмедов.