ЭНГ ЗАМОНАВИЙ КАСБ ЙЎНАЛИШИ БЎЛАДИ

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида мамлакатимизда аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар белгилаб берилган.

Стратегияда ёшларга оид давлат сиёсати ва спорт йўналишларидаги ислоҳотлар натижасида IT соҳасини янада оммалаштириш, соҳада хизматлар экспортини ошириш учун келгусида  300 минг нафар ёшлар иш билан таъминланиб, мактаб ўқувчилари  халқаро IT бозорида  талаб юқори бўлган  замонавий касбларга  ўргатилади. Шунингдек, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини кенгайтириш ва ҳар йили 15 минг нафар энг иқтидорли ёшлар нуфузли халқаро компаниялар талабларига мос дастурлар асосида тайёрланади.

Бугунги кунда IT Парк Жиззах вилоят филиалида ўғил-қизларни соҳага тайёрлаш бўйича 11 та йўналишда таълим олиб борилади.

—Воҳамизда 2023 йилнинг III чорак ҳолатига кўра резидентлар томонидан 1,7 млрд.сўм миқдорида хизматлар кўрсатилган, —дейди филиал бош менежери Шохрух Нариманов. — Экспорт ҳажми эса BPO маркази ҳисобига 71,6 минг АҚШ долларини ташкил этди. Ҳозирги кунга келиб, Рақамли технологиялар ўқув марказларида 18 649 нафардан ортиқ тингловчи ўқув курсларини якунлаган. Шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида 3 358 нафардан ортиқ давлат ходими малака оширди. “Бир миллион ўзбек дастурчи” — республикамизда кенг аҳоли қатламини масофавий махсус онлайн-портал орқали IT-йўналишлари бўйича тайёрлашга йўналтирилган йирик лойиҳадир. Ушбу лойиҳанинг мантиқий давоми бўлган Coursera дастури доирасида  воҳамизда “www.uzbekcoders.uz” портали орқали рўйхатдан ўтиб таълим олаётганлар 22 408 нафарни ташкил этади. Шу билан бирга, 44 нафар  ёшлар пуллик  халқаро IТ-сертификатини қўлга киритишган. Келажакда “Coursera” платформасида бепул онлайн дастурлаш видеокурслари орқали  соҳага қизиқувчи ёшлар сонини янада ошириш кўзда тутилган.

Ҳозир Жиззах давлат педагогика университети, Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиали, Жиззах политехника институти ва Sаmbhram университетларида “Инкубация марказ”лари ташкил этилган. Талабаларнинг стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун махсус жиҳозланган хона ва зарурий техникалар ажратилган. Амалга оширилган инкубация дастурлари сони 3 та, молиялаштирилган стартап-лойиҳалар сони 38 тани ташкил этади. Жорий вақтга келиб стартап лойиҳаларга 6,78 млрд. сўм. жалб қилинган. Вилоятда 7 та ҳакатон, 4 та идеатон танловлари, дастурчилар фестивали, “GAP” IT- клуби, республика бўйича “Valorant – Jizzakh Cup” ҳамда умумий соврин жамғармаси 89 млн. сўм бўлган Ўзбекистон бўйича  “Esport Valorant – Jizzakh Cup 2023” киберспорт мусобақалари ўтказилди. Шунингдек,  “Jizzakh Digital” акселерация дастури ташкил қилиниб, 3 та стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланган. Воҳада 2 та BPO – Масофадан IT  хизматлари кўрсатиш марказлари мавжуд бўлиб, булар Исроил, Германия, АҚШ ҳамкорлигидаги CodeVision: 3D ва анимацион, график видео хизматларини экспорт қилувчи корхона ҳамда АҚШ ҳамкорлигидаги RevoTech логистика корхонаси саналади. Уларда 23 нафар мутахассис фаолият юритиб келмоқда.

—Жиззах вилоятида рўйхатдан ўтган резидентлар сони III чорак якуни билан 27 тани ташкил этди, шулардан бир нафари чет эл капитали бўлган компания ҳисобланади, — дейди IT Парк Жиззах вилояти филиали бошлиғи  Адҳам Абдуллаев. —Ҳозирда тўртта резидентликка номзод компаниялар билан фаол ишланмоқда. Уларнинг ходимлари сони 75 нафарга етди. Вилоятда ахборот коммуникация-технологияларини қўллаш орқали масофавий хизматлар кўрсатиш ва экспорт —IT-аутсорсинг марказларини ташкил этиш мақсадида ажратилган “Ўзбекистон почтаси” АЖ Жиззах филиалининг Жиззах шаҳрида жойлашган биносини таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан 336 млн.сўм ажратилди, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жиззах шаҳри ҳудудида иккита академия ташкил этилди ҳамда барпо этилаётган “Киберарена” биноси ҳудудида яна битта —“VALKKYRIE IT ACADEMY” ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда ушбу IT-Академиянинг қурилиш ишлари давом этмоқда. Таъкидлаш керакки, бу ислоҳотларнинг ҳаммаси ёшларимизнинг замонавий касб эгалари бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишлари, иш билан бандлиги таъминланиши, юртимиз шаънини халқаро майдонларда юксакларга кўтаришлари учун ҳаётга татбиқ этилмоқда. Модомики, юрт тақдири ўткир зеҳнли, тадбирли ва замон билан ҳамнафас ёшларимиз қўлида экан, уларнинг бу имкониятлардан самарали фойдаланишлари катта манфаат келтириши, шубҳасиз.

 

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *