Халқаро тажрибаларга асосланган таълимни амалиётга тадбиқ этиш орқали ёшларнинг креативлигини ошириш, мустақил қарор қабул қила олиш, муаммога танқидий ёндашув ва муносиб ечим топа олиш, энг асосийси, ўрганилган билимни ҳаётга тадбиқ этишида ўқитувчининг замон талабларига мос касбий маҳорат ва шахсий ривожланганлик даражаси алоҳида аҳамиятга эга.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ўқитувчиларнинг узлуксиз касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва касбий маҳоратини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш орқали умумий ўрта таълим муассасаларида таълим сифатини яхшилаш мақсадида 2024 йил 7 августдаги “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирларини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида”ги 246-сонли буйруғининг бугунги кунда амалиётга кенг тадбиқ этилаётгани педагогларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги олий мақсаднинг ёрқин ифодасидир.

Таълимни ривожлантириш илмий-методик маркази ҳамда Жиззах вилояти Педагогик маҳорат марказлари профессор-ўқитувчилари ва фан методистлари томонидан Ўзбекистонда III ренессанс-маърифатли жамият пойдеворини қўйишда олимлар, ёшлар ва зиёлилар ҳамкорлигида бир вақтнинг ўзида каскад шаклида ўқиш саводхонлиги, табиий-илмий саводхонлик, бошланғич таълим ва математик саводхонлик йўналишларида 2024 йил 7-8 ноябрь кунлари ўтказилган “Методик марафон” ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми десак муболаға бўлмайди.
Методик марафоннинг мақсади – Ўзбекистон ўқувчиларини халқаро PISA-2025 тадқиқотларига тайёрлаш, ўқувчиларда креативликни ошириш ва танқидий фикрлашга ўргатиш, ўқитувчиларнинг таътилни мазмунли ўтказишини таъминлаш ва касбий ривожланишига кўмаклашишдан иборат.

Методик марафон республика миқёсида 2 босқичда ташкил этилди. 1-босқичда Таълимни ривожлантириш илмий-методик маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти профессор ўқитувчилари ва фан методистлари томонидан ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. 2-босқичда ҳудудий марказлардаги профессор-ўқитувчилар ва фан методистлари томонидан амалий машғулотлар ўтказилди.
Жиззах вилояти Педагогик марказида ташкил этилган ушбу жараёнда мактабгача ва мактаб таълими тасарруфидаги умумий ўрта таълим муассасаларидан жами 3952 нафар ўқитувчи қамраб олинди.
Методик марафонда Жиззах вилояти намунали ташкил этган ҳудудлардан бири сифатида эътироф этилди. ЗООМ ўқув машғулотларида Арнасой ва Янгиобод тумани ўқитувчилари фаоллик кўрсатишди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ушбу жараённинг ташкил этилиши ўқитувчиларнинг таътил вақтида ўз устида ишлашлари, янгиликларни амалиётга жорий этишлари учун катта имконият берди.
Нигора Хасанова,
Жиззах вилояти Педагогик маҳорат маркази
Методик хизмат кўрсатиш бўлими мусиқа маданияти фани методисти.