Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1998 йилдан бошлаб, ОИВ инфекциясига чалинган беморларни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 декабрь бутун дунёда ОИТСга қарши кураш куни деб эълон қилинган.
Бу йилги 1декабр– Халқаро ОИТСга қарши кураш куни бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан «Соғлом ҳаёт сари –биргаликда!» шиори остида ўтказилмоқда. Шу муносабат билан вилоят ҳокимининг ҳамда ОИТСга қарши кураш маркази томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, мутахассислар маҳаллаларга, билим масканларига, муассаса ва ташкилотларга бириктирилди. Шунга кўра аҳоли, талабалар, ёшлар орасида ОИВ инфекциясини олдини олиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Марказ томонидан “ОИВ инфекцияси ва ОИТС нима?”, “Никоҳдан олдинги тиббий кўрик–соғлом оила гарови”, мигрантлар учун “Омон кетиб соғ қайтинг” номли буклетлар чоп этилиб тарқатилди. Шунингдек, вилоятдаги барча таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда ОИВ инфекцияси профилактикаси, гиёҳвандликнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мавзуларида “Соғлом ҳаёт сари–биргаликда”, “ОИТСсиз келажак сари”, “Биз ёшлар ОИТСга қаршимиз”, “Ўзингни ва ўзгани ОИТСдан асра” шиорлари остида учрашув, давра суҳбатлари ва акциялар ўтказилиши бошланди. 27 ноябрдан 5 декабргача режа бўйича ОИТС профилактикаси масалаларида аҳолининг билим ва хабардорлигини оширишга қаратилган очиқ эшиклар куни ташкил қилиниб, мурожаат қилувчилар бепул ОИВ инфекцияси ва вирусли гепатитларга тезкор текширувдан ўтказилаяпти.
Бугунги кунда республикамизда ва вилоятимизда ҳам ОИТС бўйича эпидемиологик вазият мураккаблашиб бормокда. Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг маълумотига қараганда ер юзида ҳар дақиқада 16 одам ОИТС юқтирмоқда. Афсуски, одамни ОИВ билан зарарланганини унинг ташқи қиёфасига қараб аниқлаш мумкин эмас. Уни фақат қонни махсус текшириш яъни иммунофермент анализи (ИФА) усулида аниқлаш мумкин. Чунки ОИТС касаллигининг яширин даври (касаллик юққандан то клиник белгилари келиб чиққангача) 6 ойдан 10-12 йилни ташкил қилиб, 80-90 фоиз одам ўзини соғлом ҳис қилади, баъзилари ўзларига касалликни юқтириб олганликларини билмайдилар. ОИТС касаллиги вирус ташувчи касал одамдан соғлом одамга асосан 3 хил йўл билан, жинсий алоқа, парентерал юқиш йўли –тиббий ва нотиббий муолажалар, орган ва тўқималарни ўтказиш натижасида ва вертикал юқиш йўли –касалланган онадан болага ҳомиладорлик, туғиш ва эмизиш даврида юқади.
Ушбу касалликнинг олдини олишда специфик (махсус) профилактика ва даво йуқлиги учун асосий мақсад унинг иккиламчи профилактикасига қаратилмоқда.
ОИТС-СПИДнинг профилактикасида шу касалликни юқтириб олиш хавфи катта бўлган мойил гуруҳларга кирувчи аҳолини текшириш ҳам катта роль ўйнайди. Бу гуруҳга енгил табиатли, рағбатлантириш эвазига интим хизмат кўрсатувчилар, гиёҳвандлар, 3 ой ва ундан кўп муддатга чет элда яшаб ва ишлаб келган шахслар, қамоқ жазосини ўтаб келган шахслар, узоқ йўлга қатновчи ҳайдовчилар, вагон проводниклари, жинсий аъзолар таносил касаллигига чалинганлар, баъзи тиббий ходимлар кириб, уларнинг қони доимий текшириб борилади. Бундан ташқари ушбу касаллик бўйича аҳолининг билим даражасини ошириш катта аҳамиятга эгадир. Шу мақсадда барча масъул ходимлар, тиббиёт ходимлари кенг жамоатчилик, ёшлар орасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришлари зарур. Ҳурматли ҳамюртлар ОИВ инфекциясидан сақланиш ўз қўлингиздадир.
Нилуфар АСҚАРОВА,
вилоят ОИТС га қарши курашиш
марказининг бош врачи.