УСТОЗ – ИЛМ ТАРАТУВЧИ ЗИЁ СОҲИБИ

Устозимиз профессор, фалафа фанлари доктори Ўрол Муродович Абиловга бағишлаб

Жаҳон тарихий жараёнларининг тажрибасига эътибор қаратилса, кишилик жамияти тараққиётида оптимизм, маънавият, мафкура ва тафаккур эволюциясининг нақадар аҳамиятга молик эканлигига амин бўламиз. Шу маънода, жумладан, мамлакатимиз ижтимоий тараққиётида умуман, халқимиз турмуш тарзининг барча жабҳаларида амалга оширилган ва бугунги кунларда ҳам амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар жараёнини олға томон силжитувчи куч – бу кишилар руҳиятидаги оптимизм ва халқнинг, миллатнинг мамлакат келажагига кўтаринки ишонч билан қилинган ҳаракатларининг асосида адолат, маънавият, мафкура ҳамда тафаккур эволюциясининг қанчалар муҳим роли борлиги кўзга ташланади.

Бу борада Устозимиз профессор, фалафа фанлари доктори Ўрол Муродович Абиловнинг хизматлар жуда каттадир.

фалсафа фанлари доктори, профессор, Ўрол Муродович Абилов 1950 йил 29 сентябрда Фориш тумани  Исори қишлоғида таваллуд топган.

Ўрол Муродович 1966 йил Самарқанд вилояти, Пайариқ туманидаги 14-интернат-мактабида бадиий раҳбар ва кутубхоначи лавозимида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1976 йили Тошкент давлат университетининг фалсафа факультетини тугатганидан сўнг, йўлланма асосида Тошкент давлат медицина институтида ижтимоий фанлар кафедрасида ўқитувчи лавозимида меҳнат фаолиятини давом эттирган. 1976-1997 йиллар ичида Абилов У. мазкур институтда катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири, профессор ва тарбиявий ишлар бўйича проректор лавозимларида фаолият юритган.

1998-1999 йиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг миллатлараро масалалар бўйича консультанти ва 1999-2000 йиллари Оммавий ахборот воситалари билан ишлаш маркази Миллий мафкура ва тафаккур масалалари гуруҳининг етакчи консультанти,  2000 йилнинг май ойигача жамоатчилик билан алоқалар бўйича Давлат маслаҳатчиси хизмати Маънавият ва маърифат масалалари бўйича гуруҳининг етакчи консультанти. 2001-2004 йиллари Иккинчи Тошкент Давлат тиббиёт институти маънавий-маърифий масалалар бўйича биринчи проректори, 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий таълимни ривожлантириш марказининг директор ўринбосари, 2020-2022 йиллари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича вазир  маслаҳатчиси лавозимларида ва 2022 дан ҳозиргача Тошкент тиббиёт академияси Ижтимоий фанлар кафедраси профессори лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Ўрол Муродович Ижтимоий фалсафа, миллий ғоя ва мафкура, мустақиллик ва унинг оптимистик моҳияти, маънавий баркамол шахсни тарбиялаш йўналишларида илмий-тадқиқот ишлари олиб боради. Изланишларида мустақиллик мафкураси ва халқимизнинг оптимистик руҳи, миллий муносабатлар ва миллий қадриятлар, ёш авлод тарбияси каби муаммолар ечимига алоҳида аҳамият қаратган.

Ў.М.Абилов меҳнат фаолиятини илмий изланишлар билан чамбарчас боғлиқликда олиб боради. У 1988 йили “Ижтимоий оптимизм – турмуш тарзининг муҳим белгиси сифатида” мавзусида номзодлик, 1994 йили “Мустақил Ўзбекистон тарихий тараққиёти ҳозирги босқичининг оптимистик моҳияти” мавзусида докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган. 

Ў.М.Абилов мамлакатимизда олий малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш ишларига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. У 1994 йилда фалсафа фанлари докторлиги диссертациясини муваффақиятли ёқлаганидан буён фалсафа соҳаси бўйича узоқ йиллар мобайнида Иброҳим Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институти қошидаги, Мирзо Улуғбек номидаги Тошкент Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Наманган давлат университети қошидаги фалсафа фанидан ихтисослашган кенгаш ва илмий семинар аъзоси, фалсафа бўйича жуда кўплаб докторлик ва номзодлик ишларига расмий оппонентлик қилиб, юртимизга салоҳиятли фан номзодлари ва докторлари етиштиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шу чоққача унинг раҳбарлигида 12 та фан номзоди, 1 фан доктори ва 5 та магистр диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилинди. Абилов Ў.М. 2012-2014 йиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият бошқаруви академиясида ташкил қилинган “Мустақиллик мафкураси ва демократик жамият қуришнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва илмий асослари”  предмети бўйича имтиҳон комиссияси аъзоси. Устоз ижтимоий фалсафа, миллий мафкура, мустақиллик ва унинг оптимистик моҳияти йўналишларида илмий тадқиқотлар олиб бориб, мазкур соҳаларга оид 350дан зиёд илмий ва оммабоп ижодий ишлари, шунингдек 7 та фалсафа, мантиқ ҳамда сиёсатшунослик фанларига оид ўқув дарсликлари нашр қилинган.

Устознинг “Ортимизм и пенссимизм в динамике развития научно-философской мысли”. Ташкент. “ФАН”Узб. 1992, “Независимост и оптимизм” Ташкент. “ФАН”Узб. 1997, «Миллий ғоя: маънавий омиллар. Тошкент “Маънавият”-1999”,  “Ўзбекистон тараққиётининг оптимистик руҳи. “Истиқлол” Тошкент 2003”, “Тиббиёт ходимлари маънавияти» (муаллифлар ҳамкорлигида), Тошкент. “Янги аср” 2014, “Тиббий атамалар изоҳли луғати”, (ҳаммуллифликда) Тошкент. “Янги аср” 2021, “Ўзбекистон тараққиёти: оптимизм, маънавият, мафкура ва тафаккур эволюцияси” Тошкент. “Фан зиёси” 2022, “Оптимистик эволюция: тафаккур, маънавият, мафкура”. Тошкент. “Фан зиёси” 2023 каби монография ва китоблари кенг жамоатчиликнинг эътиборига сазовар бўлган.

Устоз 2010 йили Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекистон  Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Абилов Ўрол Муродович ўзининг самарали илмий, ижодий ва ижтимоий меҳнат фаолияти билан бугунги кунда ҳам жамиятимиз тараққиётига, юртимизда обод ва озод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни бунёд қилиш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Бундан ташқари бой маънавий меросимизни, аждодларимизнинг илмий фалсафий ғояларини, мустақиллик мафкураси ва халқимизнинг оптимистик руҳи, миллий муносабатлар ва миллий қадриятлар, ёш авлод тарбияси каби муаммоларни тадқиқ қилиш ва уларнинг янги қирраларини очиш йўналишидаги илмий тадқиқотларингиз ҳам таҳсинга сазовор. У Янги Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини, файласуф олимларимизнинг юксак илмий-фалсафий даражасини нафақат мамлакатимиз миқёсида балки халқаро илмий анжуманларда ҳам намоён қилмоқда. 

Ҳурматли устозимиз Ўрол Муродович 75 ёшлик таваллуд кунини нишонламоқда. Бу айём билан яна бир бор самимий қутлаб, илмий-ижодий фаолиятингизга, ўзингизга муносиб шогирдлар тайёрлашда сизга мустаҳкам соғлиқ-саломатлик, ҳаёт йўлингизда улкан зафарлар тилаб қоламиз. Ушбу қутлуғ сана билан яна бир бор муборакбод этар эканмиз, умрингиз янада узоқ бўлишини, доимо соғ-саломат юришингизни, халқимизнинг, шогирдларингизнинг, фарзандлару невара-чевараларингизнинг ардоғу эъзозида  ҳаёт кечиришингизни тилаб қоламиз.

 

 Ижод АҲМЕДОВ,

Жиззах Педагогик маҳорат маркази директори, доцент, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),

Бахриддин МАМАРАСУЛОВ,

Самарқанд давлат педагогика институти доценти, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *