Оппоқ атиргулдек қийғос очилган пахталардан кўз яшнайди. “Мени териб ол” дегандек бошини енгил шамолда чайқаётган ғўзалар беихтиёр сизни этаклар томон етаклайди.
Бу йил воҳамиз миришкорлари учун ҳақиқий деҳқончилик йили бўлди. Кеча ғалласидан 82 центнердан ҳосил олган Ҳамро Раҳматов етакчилик қилаётган фермер хўжалиги аъзолари жорий йилда пахтадан ҳам мўл ҳосил олишга эришдилар.
Суяги қора меҳнатда қотган мирзачўллик бободеҳқонлар жорий йилда 11000 гектар майдонга чигит экишди. Шундан 9000 гектари хорижий, 2000 гектари эса маҳаллий навни ташкил этди. Пахтачиликка ихтисослашган 294 та фермер хўжаликлари далаларида илгари кўз кўрмаган, етти ухлаб тушига ҳам кўрмаган ҳосил чўғидан, елкасига шабада теккан мирзачўллик фермерларнинг бугун юзи ёруғ, боши мағрур.

“Мирзачўл” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги “Файз Шоҳруз” фермер хўжалиги аъзолари 15 гектар майдонга Шинжон-57 Хитой пахта навини экишганди. 76-схемада, ҳар гектар майдонга экилган 185-190 минг туп кўчат бехато ўниб чиқди. Ҳар туп ғўзада ҳосил тўлиқ, бир текисда очилди.
Ўтган якшанба куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев мазкур фермер хўжалиги даласига ташриф буюриб, соҳа мутахассислари, пахтакорлар ва меҳнат фахрийлари билан учрашди. “Илгари шундай ҳосилни кўрганмисиз, юқори унум билан ишлайдиган пахта терим машиналари, техникалари, сув тежовчи технологиялар ёрдамида қишлоқ хўжалигига илм-фан, инновацияни жалб этиб, муваффақиятга эришаяпмиз”, -деди вилоят раҳбари пахтакорлар ва нуронийлар билан суҳбатда. Вилоят ҳокими пахтадан юқори ҳосил етиштирган фермер хўжалиги аъзоларини, хўжалик заршуносларини қутлади.
Шундан сўнг дуолар қилиниб, оқсоқоллар ва мутасадди раҳбарлар иштирокида пахта теримига старт берилди. Шу куни тўртта Хитойнинг “BOSHIRAN” пахта терим машиналари ёрдамида даладаги ҳосил йиғиштириб олинди.
—Туманимиз далаларида 47 та пахта терим машиналари жавлон урмоқда,—дейди Мирзачўл туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Султон Орифов. —Сизу биз гувоҳ бўлиб турган “Файз Шоҳруз” фермер хўжалиги азаматлари бир кунда зиммасидаги 75 тонналик шартномавий режани ортиғи билан бажариб, 165 тонна ҳосил олишга эришдилар. Бу гектарига 92 центнердан ҳосил олинганидан далолат беради.
Бундан ташқари туман далаларида кўнгиллилар қаторида қўл теримида иштирок этаётган 1000 нафар бахмаллик ҳамда 1800 нафар маҳаллий аҳоли йиғим-теримда фермерларга камарбаста бўлишаётир.
—54 йил йилдан бери қишлоқ хўжалиги тизимида меҳнат қилиб келаман,—дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, “Шуҳрат” медали соҳиби Мирсалоҳиддин Ҳамидов. —Пахтачиликда 30 центнер ҳосил олиш учун терга ботганмиз. 100 гектар майдондаги ғўзага ишлов бериш учун тонналаб ёқилғилар сарфланган, декабргача даладан қайтмаган пайтларимиз ҳам бўлган. Илгари ғўза навларини характеристикани яхши билмаганмиз. Бугун замонавий, илм-фан ва инновацияга асосланган қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар самарасини кўриб, завқланаяпмиз, кўзимизга ишонмаяпмиз. Шундай кунларни кўрсатганига, етказганига шукр қиламиз.
Мирзачўл далаларидан қайтар эканмиз оппоқ атиргулдек очилган пахта далалари, яшил белбоғларга бурканаётган Гагарин шаҳарчасининг обод манзиллари кўз ўнгимизда узоқ вақт муҳрланиб қолди.
Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).