РОЗИЧИЛИК БОР ЖОЙДА БАРАКА БЎЛАДИ

Илгари палончини боласи шаҳардаги  кўп қаватли уйда яшаркан дейишса бундан таажжубланган одамлар бошини сарак-сарак қилиб қўярди. Тўғри, ҳовлида яшаш бошқача, кўпчилик шундай муҳитда яшашга ўрганган. Кўп қаватли уй деса юраги сиқиладиган кечаги танишларимиз энди қишни “дом”да, ёзни  анъанавий яшаш жойи қишлоқ ва маҳалладаги уйида ўтказишмоқда.

Хўш, савол туғилади, кейинги пайтда кўп қаватли, кўп квартирали уйларда истиқомат қилишни ҳоҳловчилар сафи нега кўпайиб бормоқда? Сўнгги йилларда кўп қаватли  уйларда яшашни истовчилар учун ҳукуматимиз томонидан бериладиган имкониятлар, қулайлик ва имтиёзларнинг ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Энг асосийси, бу борада шаҳардаги аксарият кўп қаватли уйларда  инфратузилма билан боғлиқ муаммоларнинг йўқлиги ёки камайиб бораётгани, мулкдорларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компанияларининг  сифатли ва янги хизмат турларини ташкил этаётгани ҳам муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22 июль куни вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириғига мувофиқ, кўп қаватли уй-жойларни 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлаш бўйича  чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. Жумладан, Зарбдор туманининг Янгиобод, Янгиҳаёт, Мустақиллик, Тинчлик ҳамда Ойбек маҳаллалари ҳудудидаги 182 та уйлардан 73 та кўп квартирали уйларни таъмирлаш учун бюджетдан 11 млрд 625 млн сўм маблағ ажратилди.

—Туманимиздаги 71 та икки қаватли ҳамда  2 та тўрт қаватли уйлар 1979-1985 йиллар оралиғида қурилган,—дейди туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Нурсултон Яхшиликов. —Айни пайтда 150 нафарга яқин ходимлар ва мавсумий ишларга ёлланган фуқаролар томонидан режамиздаги сўнгги уйнинг фасад қисми базальт қопламаси билан ихоталанаяпти.

—Куз-қиш мавсумида ишларимиз ҳар қачонгидан кўпайган,—дейди “Kuxinur sity SSS” МЧЖ бошқарув сервис компанияси раҳбари Соҳибназар Шодмонқулов. — Бўйнимизда 225 та уйнинг кириш йўлакларини таъмирлаб, 90 тасига эшик ўрнатиш, 37 та уйнинг канализация тармоғини таъмирлаш, 8 та уйнинг ички иссиқлик тармоғини тортиш вазифаси турибди.

—Ўттиз йилдан бери шу ерда яшаб, энди ўзимиз гувоҳ бўлаяпмиз уй-жойларимизни биз ҳоҳлаганимиздан ҳам зиёда қилиб таъмирлаб беришди,—дейди Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи, меҳнат фахрийси Гулнора Абдувоитова. —Уйларимиз девори қишда қорайиб, моғир босиб кетарди. Сервис компанияси ходимлари канализациямизни ишлатиб беришди, энди иссиқ сувдан муаммомиз йўқ. Барчамиз розимиз кўрсатиладиган хизматдан. Муносиб шароитда яшаса ҳам бўларкан-ку!

Тумандаги қайси маҳаллага борманг ичимлик ёки оқова сув, электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар жойига борилиб, ижобий ҳал этилаётир. Хув анови кўп қаватли уйнинг деворига ранг берилаяпти. Уйи атрофига кимдир гул, дарахт кўчати экаяпти. Сал нарида кўчага асфальт қопламаси ётқизилаяпти. Кўп қаватли уйлар атрофидаги хунук манзара ҳосил қилган умумфойдаланишдаги ҳожатхоналар бузилиб, ҳар бир кўп квартирали уйларнинг хонадонларида  алоҳида янги замонавий санузеллар ва ювиниш хоналари барпо этилаяпти.

Аҳоли талабларидан келиб чиқиб, бошқарув сервис компанияси томонидан кўп қаватли ва квартирали уйлар атрофида янги савдо, маиший ва сервис хизмати кўрсатиш шохобчаларининг ташкил этилаётгани 2420 хонадонда истиқомат қилувчи Зарбдор тумани аҳоли учун қулайлик яратмоқда.

Энг асосийси, коммунал хизмат соҳаси ходимлари юртдошларимизга қулай турмуш шароитини яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солишмоқда. Муҳими, одамлар ҳаётдан рози бўлса, шу ерда фаровонлик, ободлик бўлади. Ободлик бор жойда розилик, розилик бор жойда эса барака бўлади.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *