“ПРЕЗИДЕНТ ОЛИМПИАДАСИ” ИШТИРОКЧИЛАРИ АНИҚЛАНМОҚДА

Жорий йилнинг 13 февраль куни Президентимиз томонидан олимпия ва паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Унда республикамизнинг барча ҳудудларида спортчи ёшларни саралаш ва маҳоратини ошириш бўйича мутасаддиларга керакли топшириқлар берилди. Шунга мувофиқ ташкил этилган “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” мусобақалар тизими спортсевар ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва улар орқали терма жамоалар учун сифатли захира тизимини шакллантиришда айни муддао бўлмоқда.

Хусусан, воҳамиз бўйлаб жами 11 минг нафарга яқин ёш атлет ушбу мусобақага қамраб олинди. Улар дастлабки босқичлариданоқ ўз иштиёқ ва маҳоратларини намойиш этиб, олимп чўққиси сари дадил қадам ташлаётир. Айни кунларда шаҳримиз марказидаги “Киберспорт арена”да мусобақанинг вилоят босқичи беллашувларида кучлилар сараланаяпти.

Турнирнинг дзюдо баҳслари ҳам мухлислар орасида катта қизиқишларга сабаб бўлди.  Қайд этиш керакки, ушбу спорт тури бўйича вилоят босқичига 100 дан зиёд дзюдочи етиб келган бўлиб, улар жами 16 та вазн тоифаси бўйича татамида беллашдилар.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслардан сўнг тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Сардор Шукуруллаев ва Ўзбекистон Республикаси Миллий Олимпия қўмитасининг Жиззах вилоят ҳудудий бўлинмаси ижрочи директори Акмал Ахмедовлар мамлакатимизда олимпия спорт турларини ривожлантиришга бўлган юксак эътибор ва бунинг ортидан ёшларимиз қўлга киритаётган улкан натижалар ҳамда бу каби тизимли турнирларнинг миллий терма жамоалар захирасини шакллантиришда тутган ўрнини таъкидлашди ва ғолибларни қизғин табрикладилар.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланишди.

Мусобақанинг бошқа спорт турлари бўйича вилоят босқичи доирасидаги баҳслар “Киберспорт арена”да бир неча кун давомида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Олдинда бокс, эркин ва юнон-рум курашлари, стол тенниси, енгил атлетика, баскетбол, бадиий гимнастика ҳамда оғир атлетика  бўйича беллашувлар ўтказилади.

“Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” мусобақасининг ғолиблари ҳар йили декабрда Олимпия шаҳарчасида ўтказиладиган “Президент Олимпиадаси”да иштирок этади. Мусобақа ғолиблари уй, автомобиль каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Биринчи ва иккинчи ўринни олган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига қабул қилиниши белгиланган.

 Мустақиллигимизнинг 34 йиллик шодиёналари арафасида ўтказилаётган бу каби спорт тадбирлари воҳамиз аҳлида катта таассурот қолдираётгани шубҳасиз.

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *