ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ — ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва янгиланишлар, энг аввало, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга риоя этилишини таъминлашга қаратилгандир. Инсон қадрини юксалтириш барча давлат органлари ва идораларининг ҳамда ташкилотларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифасига айланди. “Инсон қадри учун” деган тамойил барча ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этмоқда. Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, ислоҳотларни жадал давом эттириб, янгиланган Конституциямиз нормаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида тадбиркорликни ривожлантириш, шу асосда аҳоли даромадларини ошириш, оила ва маҳаллаларда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрни йил сайин ошмоқда ҳамда такомиллашиб бормоқда. 2024 йилнинг 15 ноябрида  “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Қонун билан Омбудсман институтининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди, унинг ваколатлари кенгайтирилди, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди.

Қонунга мувофиқ Омбудсман давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириши белгиланди. Қонун билан Омбудсман минтақавий вакилларининг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилди.

Ўтган йили фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш, инсон  ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинг ва ҳуқуқий таҳлил қилиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди.  Минтақавий вакилга 348 та мурожаат келиб тушди. Шундан, Омбудсман Котибиятидан 106 та, вилоят фуқароларидан 103 та, сайёр қабулларда 139 та мурожаат қайд этилган. Ушбу мурожаатларнинг 55 фоизи хотин-қизлардан келиб тушган. Мурожаатларнинг 228 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга, 87 таси ижтимоий, 29 таси иқтисодий, 3 таси сиёсий ҳамда 1 таси экологик ҳуқуқларга оид мурожаатларни ташкил этди.

Барча мурожаатларни ўрганиш натижасида қонунбузилиш ҳолатлари, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва идораларига ҳамда мансабдор шахсларга 8 та  тақдимнома, 36 та ариза ва даъво аризалари шаклидаги таъсир чоралари киритилди ҳамда уларнинг барчаси қаноатлантирилди.

Мурожаатлар асосида фуқаролар манфаатида ундирилган ва ундириш белгиланган (иш ҳақи) маблағлар 180 миллион сўмни ташкил этди. Тақдимномаларнинг кўриб чиқилиши натижасида 3 нафар ходимга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси ҳамда 2 нафар мансабдор шахсга маъмурий жарима жазоси қўлланилди. Бир нечта фуқаролардан келиб тушган шикоятлар  назоратга олиниб, Жиноят процессуал кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши учун вилоят прокуратураси ва вилоят ички ишлар бошқармасига юборилди.

Юртбошимизнинг олиб бораётган инсонпарварлик сиёсати натижасида қабул қилинган фармон ва қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда Омбудсманнинг жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган фаолияти такомиллашмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.  Қарорга мувофиқ Омбудсман ҳузурида Қийноқларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилди. Омбудсман ва жамоатчилик гуруҳларига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш, у ерларда маҳкумларни сақлаш шарт-шароитларини ўрганиш, қийноққа солиш ҳоллари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш, қийноққа солиш ҳолларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича  талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш ва бошқа вазифалар белгиланган.

Жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 72 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Унда ушбу жойлардаги шахсларни сақлаш шароитлари, яъни уларнинг яшаши ва овқатланиши, меҳнат қилиши ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ва бошқа ҳолатлар ўрганилди.  Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан Ғаллаорол туман ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бўйича тақдимнома киритилди. Тадбирларда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган 800 нафардан ортиқ маҳкум ва маҳбус билан жамоавий ҳамда 200 нафар маҳкум ва маҳбус билан якка тартибда учрашув ва суҳбатлар ўтказилди.

Келиб тушган 66 та мурожаат бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди. 7 нафар маҳкум даволаниш учун касалхоналарга жойлаштирилди, 6 нафар маҳкумга паспорт олишда, 1 нафар маҳкумга тайинланган “Огоҳлантириш” интизомий жазо чорасини муддатидан олдин олишда, 1 нафар маҳкумнинг кассация шикоятини судларга юборишда, 13 нафар маҳкумнинг озодликдан маҳрум этиш жазосини енгилроқ жазога алмаштиришда кўмаклашилди. 200 дан ортиқ жазо муддатини ўтаётган шахслар махсус тиббий кўрикдан ўтказилди.

Минтақавий вакилнинг жазони ижро этиш колонияларида тузилган рағбатлантириш комиссиялари таркибида фаолият юритиши белгиланган. Ушбу комиссияларнинг йиғилишларида 42 маротаба қатнашиб, 1692 нафар маҳкумларнинг рағбатлантирилишида иштирок этдим. Шундан 102 нафар маҳкум Минтақавий вакилнинг ташаббуси билан рағбатлантирилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш мақсадида  Фориш, Шароф Рашидов ва Пахтакор туманларида  “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда 17 та МФЙларининг 300 дан ортиқ фаоллари иштирок этди. Омбудсман ҳамда мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Омбудсман соати” лойиҳаси доирасида ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси”га асосан Жиззах шаҳри, Пахтакор, Шароф Рашидов, Зарбдор, Дўстлик ва Зафаробод туманларида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Шуни айтмоқчиманки, халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг ўн бешинчи сессиясида “Жиззах вилоятида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакилининг ахбороти тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Сессияда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бердим. Мен минтақавий вакил сифатида вилоятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳамда бошқа қонунларда кафолатланган ҳуқуқ, эркинликлар ва қонуний манфаатларни таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда бундан буён ҳам халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари кўмагида давлат ташкилот ва идоралари билан ҳамкорликда ўз фаолиятимни давом эттираман. Зеро, Янги Ўзбекистонда инсон қадрини янада юксалтиришни таъминлаш бурчимиз.

   Ўткир ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари

бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *