МИЛЛАТ САЛОМАТЛИГИ – УСТУВОР ВАЗИФА

Сўнгги кунларда атмосфера ҳавосини зарарли газ ва чанг чиқиндилардан асраш борасида амалий ишларга катта эътибор берилаётганига барчамиз гувоҳмиз. Чанг бостириш, яшил майдонларни суғориш, ювиш тадбирлари ,билан бир қаторда назорат ва таҳлил мақсадида рейдлар, ўрганиш ишлари бошлаб юборилди. 

 Вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Экоинспекторлар томонидан қурилиш ва саноат объектлари, иссиқхоналарда кундузги ва тунги назорат-рейд ва тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Вилоятимизда жорий йилда 695 та объектда кўп қаватли уй-жой, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви ва канализация тармоқларини тортиш каби қурилиш ишлари амалга оширилиши бошланган. Умумий қурилиш майдони 24,3 гектарни ташкил этадиган ушбу объектларда жами 364, 9 минг кубометрга яқин тупроқ ишлари бажарилган. Мана шу рақамларнинг ўзиёқ қурилиш объектларида чанг ва ғуборларни бостириш, атмосферани орқали кишилар саломатлигини асраш зарурлигини кўрсатади.

Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан барча қурилиш объектларига огоҳлантириш хати чиқарилган. Инспекторлар Жиззах шаҳри Сайилжойи маҳалласидаги 15 та 12 қаватли уйлар қурилиши давом этаётган майдонда олиб борилаётган ишлар ҳолати билан танишдилар. Ҳар куни уч маҳалдан эрталаб, туш пайти ва кечки пайт объектга чангларни олдини олиш мақсадида сув сепиш ишлари олиб борилаётгани ойдинлашди. Шунингдек, ташқаридан қурилиш материаллари махсус автоуловларда объектга кирган ва чиқиб кетаётган вақтда баллон ва сиртидаги чанглар ювилиб, кейин шаҳар ҳудудига чиқарилаётгани маълум бўлди.

-Қайд этиш керакки, вилоятимиз миқёсида 130 та объектда кўп қаватли янги уй-жойлар барпо этиш ишлари давом этмоқда. Бугунгача 200 га яқин қурилиш объектининг мутасаддилари огоҳлантирилиб,сув сепиш орқали чангни бартараф қилиш, махсус юк техникаларининг объектдан чиқишида ювиб, йўлларга чанг ва тупроқ чиқариб ташланишининг олди олинмоқда. Бу каби тадбирлар қуруқ ҳавода мунтазам амалга оширилиши зарур, – дейди бош бошқарманинг экологик инспекция бошлиғи Эркин Хўжақулов.

Атмосфера тозалигини асрашда муҳим жиҳатлардан яна бири бу йирик саноат корхоналаридаги кимёвий жараёнлар таъсирида ҳавога ажраладиган чанг-газ аралашмаларини фильтрлаш ҳисобланади. Ўрганиш ишлари Жиззах аккумулуятор заводида давом этди. Экологик талабларга кўра, 4 та чанг тортиш ускунаси ўрнатилган бўлиб, ҳар бирида 1400 тадан фильтр мавжудлиги аниқланди. Ҳар олти ойда фильтрларнинг янгиланиб туриши ҳамда Хитой технологияси асосида чанг тортиш ускунасининг модернизация қилинаётгани маъқулланди.

Назорат рейд тадбирлари давомида атроф муҳит муҳофазаси учун яшил белбоғлар барпо этиш, аҳоли массивлари атрофи ва йўл бўйларида яшил майдонларни кўпайтириш тарғиб қилинмоқда. Тоза ҳаво ҳаёт учун энг муҳим унсур, уни ифлослантириш, иқтисодий фойда учун миллат саломатлигини хавф остига қўйиш мумкин эмаслиги тадбиркорлар, масъулларга эслатилиб, қонуний чоралар кўрилаяпти. шу пайтга қадар атмосфера ҳавосини ифлосланишининг олдини олиш соҳасида жами  61 та ҳолатда 58 млн 778 минг сўмлик жарима қўлланилди. Назорат тадбирлари давом этади.

Муқаддас САПАРОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *