1937–1953 йилларда мустабид тузум томонидан 100 мингдан зиёд халқимиз вакиллари қатағон сиёсатининг қурбони бўлган. Бу юртдошларимизнинг 13 минг нафари отиб ташланган, минглаб кишилар ноҳақ қулоқ қилинган, сургунларга жўнатилган. Улар орасида атоқли давлат ва сиёсат арбоблари, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, диний уламолар, ҳарбий соҳа ва суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, ишчи-деҳқонлар ва уларнинг оила аъзолари бўлган. Бу жараён тарихга “Катта қирғин” номи билан кирди.
СССР НКВДси томонидан 1937 йил 30 июль куни тасдиқланган №00447 рақамли мутлақо махфий буйруққа кўра қатағон 5 августда “барча республикалар ва вилоятларда, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон ССРлар”да бошланиши лозим эди. Лекин Ўзбекистон НКВДси раҳбарлари доғда қолмасликлари учун июль ойининг ўрталаридаёқ қатағон машинасини ишга тушириб юборадилар. Бу даврда давлат, фан, маданият арбоблари, зиёлилар, уламолар, ҳаттоки оддий инсонлар ҳам қатағон домига тортилдилар. Ҳозиргача аниқланган маълумотларга кўра, 313 нафар жиззахликлар “Катта қирғин” қурбони сифатида аниқланди. Улар СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси ҳамда ЎзССР НКВД “учлиги” томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинди. Турли сиёсий айблар билан қамоққа олинган шахслар қамоқхоналарда, меҳнат тузатув лагерларида азобланди, кечирган азоблари, уларга қўйилган “Ватан хоини”, “аксилинқилобчи”, “халқ душмани” каби қора тамғалар нафақат уларнинг, балки бутун оила аъзолари ва яқинларининг ҳаётини барбод қилди.
Муаззам истиқлол шарофати билан бу руҳий-маънавий фалажликка чек қўйилди. 2021–2024 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қyрбонларининг номлари оқланди. “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, айнан 1937-1953 йиллардаги сиёсий қатағон қурбонлари ҳамда жадидлар меросини чуқур ўрганиш, номларини абадийлаштириш, қаҳрамонлигини кенг тарғиб қилиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бахмаллик Анқабой Худойбахтов жадидлар қаторида ўчмас номга эга. У Юмалоқбоши қишлоғида 1903 йилда туғилди. Жомбойда мактаб-интернатда таҳсил олди. Журналист ва ёзувчи сифатида сермаҳсул ижод қилди. “Ўткан кунлар”га сўзбоши ёзди, “Сароб”, “Обид кетмон” асарларига муҳаррирлик қилди. Жиззах қўзғолони ҳақидаги “Шодмон” пьесаси халқнинг азоб-уқубатлари, адолатсизликларга тутилган кўзгу бўлганди. Истеъдодли ижодкор 35 ёшида, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат қаторида 1937 йилнинг 4 октябрида отиб ўлдирилди.

Eлар жисман мавҳ этилди. Билмасдиларки, уларнинг руҳи-мағрур ва курашчан руҳияти доим барҳаёт. Бугун жадид боболаримиз, сиёсий қатағон машинаси домидан омон чиқмаган инсонларнинг руҳлари шод бўлмоқда, номлари оқланмоқда. Жумладан, “Қатағон қурбонлари” номли кўп жилдли ктоб нашр этилиб, унга Жиззах воҳасидан 1090 нафар ҳамюртимиз ҳақида маълумотлар киритилди. 60 нафар сиёсий қатағон қурбонларининг яқин қариндошлари аниқланиб, уларнинг рўйхати, манзили рўйхатга олинди. Қарорда қатағон қурбони бўлган шахслар яшаган манзиллар аниқланиб, уйларга ёдгорлик пешлавҳаси ўрнатиш кўрсатиб ўтилган. Мазкур вазифа ижроси бўйича вилоят ҳокимлиги билан иш олиб борилмоқда. “Жиззах ҳақиқати” газетасида жорий йил давомида “Жиззахлик қатағон қурбонлари” сарлавҳаси остида жувонмарг бўлган юртдошларимиз ҳақида маълумотлар чоп этиб борилмоқда.
4 октябрь – миллатимиз гуллари мавҳ этилган кун сифатида тарихда қолди. Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги доирасида таълим масканларида тадбирлар, ОАВда чиқишлар, адабий-бадиий кечалар уюштирилмоқда. Чўлпон айтмиш “Ҳақ йўли, албатта бир ўтилгуси”. Бу йўл узоқ ва машаққатли бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Озод ва обод Ватанни гуллатиш, илм ва одоб билан хизмат қилиш бу йўлнинг давомли бўлишига ҳар бир инсон қўшиши мумкин бўлган ҳиссадир.
Бахтигул ЭРГАШЕВА,
Жиззах давлат педагогика университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори.