Гап Х асрда Эрон Бувайҳийлар сулоласининг бош вазири бўлган Абу ал-Қосим Исмоил ибн Аббод ҳақида бормоқда.
Унинг илм ва китобга бўлган муҳаббати афсонавий эди. У ҳатто сафарлар ва ҳарбий юришларда ҳам ўз кутубхонасидан ажралмаганлиги билан танилган.
Унинг шахсий кутубхонасида 117 минг жилдга яқин араб ва форс тилларидаги китоблар бўлгани айтилади. Улар ҳўкиз териси, Самарқанд ва Хитой қоғозларига битилган эди. Вазир сафарга ёки ҳарбий юришга отланса, кутубхона унинг ортидан карвонда “эргашиб борарди”.
Бу китобларни ташиш учун 400 га яқин ўргатилган туя керак эди. Энг ажабланарлиси шуки, туялар китоблар ёки уларнинг муаллифлари номларининг алифбо тартибида қатор бўлиб юришга ўргатилган эди. Бу вазирга йўлда кетаётиб, керакли жилдни тезда келтиришни сўраш имконини берарди.
Бош вазир ва олий амалдор сифатида Абдул Қосим Исмоил маъмурий, солиқ, бозор, назорат, дипломатик ва суд масалаларини ҳал қилиш учун доимий равишда маълумотларга муҳтож эди.
Шундай қилиб, унинг кутубхонаси шунчаки тўплам эмас, балки давлат бошқарувининг ишчи қуроли ва Х асрда Эроннинг маданий равнақи рамзи эди.
Бу воқеа кўпинча ислом олтин даврида билим ва қудратга бўлган чексиз ҳурматнинг ёрқин намунаси сифатида келтирилади. Ас-Соҳиб ибн Аббод нафақат ўзи етук олим, шоир ва тилшунос бўлган, балки ўз даврининг энг буюк илмий марказларидан бирини ҳам яратган.Айнан шу сабабдан у қудратли Сомонийлар амирининг вазири бўлиш таклифини рад этган – у ўзининг қимматли кутубхонасини тарк этишни истамасди.
Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиали Ўзбек тили ва ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси Cевинч АЛИЕВА тайёрлади.
.