Барчамизга маълумки, ҳар қандай жамият тараққиётини белгилаб берувчи бир қатор муҳим омиллар мавжуд. Ана шундай омиллардан бири, шубҳасиз, давлат тилининг жамиятдаги ўрни ҳамда миллий тилнинг истиқболи саналади. Тил одамга табиат инъом қилган бебаҳо неъмат, уни махлуқот тўдасидан инсоният рутбасидаги олий синф ўлароқ айирган қудратдир. Бу олий синфнинг ақл ва кўнгил мулки айни шу тилга кўра мунаввардир. Башариятнинг неча минг йилликлар мобайнида тўпланган бутун ақлий ва ҳиссий тажрибалари айни шу тилга кўра сақланиб келади. Тил фақатгина мулоқот қуроли эмас, у инсон руҳий-маънавий дунёсининг бетакрор тиргагидир. Буни улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий кўп ва хўб таъкидлаган, унинг “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” деган ҳикматли сўзи айни шу фикрларнинг қаймоғидир.
Француз олими М.Беллин 1861 йилда бир китобида шундай ёзган: “Алишер Навоий ўз миллий тилининг афзалликларини инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан исбот этганлиги ўз халқи орасида ватанпарварликни бошлаб берганлигидан далолатдир”. Дарҳақиқат, Навоийнинг теран тафаккури ва бепоён бадиий тахайюли маҳсули бўлмиш беназир сўз дурдоналари тилимизнинг бутун салоҳиятини намоён этувчи улкан қомусдир. “Тарихи минг асрлар”га бориб тақаладиган халқимиз тилига бугунги кунда ўзгача эътибор ва муносабат берилмоқдаки, бунинг биринчи омили мамлакатимиз мустақиллиги, юрт тақдири ҳамда миллатимиз келажагини ўзимиз белгилаш имкони мавжудлигидир. Иккинчидан, сўнгги йилларда юз бераётган кескин ўзгаришлар, шахсан юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган янгиланиш жараёнлари, Янги Ўзбекистон концепцияси шароитида ижтимоий ҳаётни юксак поғонага кўтариш ғояларининг босқичма-босқич татбиқ этилаётганидир. Айни вақтда ушбу жараёнда ўзбек тилининг мавқейини ошириш, унинг, аввало, юртимизда, шунинг баробарида жаҳон ҳамжамиятида алоҳида нуфузга эга бўлган ривожланиш истиқболи қатъий қонунлар билан кафолатланган тил сифатида мавжуд бўлишига эришиш масаласи кун тартибига қўйилди.
Бунинг учун илк ва дадил қадамлар ташланди. Ўзбек тили халқаро доираларда янгради, расмий тил сифатида қўлланиши билан боғлиқ ҳуқуқий-меъёрий асоси мустаҳкамланиб бормоқда. Энг муҳими, унинг соҳа мутахассислари томонидан қайта ишланиши, сайқалланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Унинг илмий-фундаментал тадқиқи, ўқув-методик базасини такомиллаштириш учун имконият янада такомиллашди. Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган тил сиёсати она тилимизнинг такомили, унинг янада равнақ топиши учун хизмат қилмоқда. Она тилимиз нуфузини ошириш ва мартабасини сақлаш давлатимиз сиёсатининг устувор масалаларидан бирига айланди. Қатор қонун, фармон, қарорларда ўзбек тилининг барқарор тараққиёти белгилаб берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрда ўзбек тилига “Давлат тили” мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 5850-сонли фармонида “мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш” ҳамда “давлат тилининг амал қилиши ва соҳаларда қўлланиши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш” вазифаси белгилаб қўйилди, унинг бажарилиши соҳа вакиллари ва тилшунослар зиммасига юклатилди. Улуғ аждодларимиз томонидан сайқалланиб, тараққий эттириб келинган Она тилимизни чиройли кўринишда сақлаш ва келажак авлодга янада тўлиқ етказиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ханифахон ХАМДАМОВА,
ЖизПИ Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, филология бўйича фалсафа фанлари доктори.