Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 13 февраль куни “Олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича” кенгайтирилган видеоселектор йиғилишининг 8-сонли баёни ҳамда 2025 йил 8 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Миллий Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Жиззах вилоят бўлинмаси Жиззах вилоят адлия бошқармасида 2025 йилнинг 22 мартида 337-сон билан рўйхатдан ўтказилди ва жорий йил июнь ойидан бошлаб Жиззах шаҳри, Истиқлол кўчаси, 12-уйда жойлашган Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўз фаолиятини бошлади.
Бугунги кунда халқимизнинг бутун диққат-эътибори Янги Ўзбекистонни қонун устувор бўлган, коррупциядан холи, адолатли, шаффоф жамиятга айлантиришга қаратилган. Аввало бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди ва изчил такомиллаштириб келинмоқда. Бўлинмамизда ушбу иллатга қарши кескин кураш олиб борилаяпти. Жумладан, 2025 йил 21 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда 2025 йил 5 март куни коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар асосида ишимизни ташкил этганмиз. Унга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ишини янгича тизим асосида ташкил этиш юзасидан белгиланган асосий вазифаларни самарали амалга ошириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида «ҳалоллик вакцинаси» тамойили асосида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида барча молиявий ишлар очиқлиқ ва шаффофлик тамойили асосида олиб борилмоқда.
Бўлинмага ажратилган 3,45 миллиард сўм маблағдан самарали фойдаланилди. Яъни ҳомий ташкилотлардан тушган 378,0 млн.сўм, бюджет маблағларидан берилган 1,5 млрд.сўм “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” мусобақаларини ташкил этиш учун, 1,167 млрд сўм спортчиларимизнинг “Президент Олимпиадаси”да иштирок этиш учун сарфланди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят спорт ташкилотлари, спортчиларни ва тренерларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътироф қаратилди. Жумладан, Миллий Олимпия қўмитаси томонидан вилоятимиздаги спорт-таълим муассасаларига 251,15 минг АҚШ доллари миқдоридаги халқаро талабларга жавоб берадиган спорт жиҳозлари беғараз ёрдам сифатида тарқатилди. Барча спорт жиҳозлари ва анжомлари юк хати асосида юборилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган. Нуфузли мусобақа ғолиб ва совриндорларини рағбатлантириш учун 211,0 млн.сўм, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун 93,0 млн.сўм, спорт федерацияларини қўллаб-қувватлаш мақсадида спорт жиҳозларига 95,0 млн.сўм маблағ ўтказиб берилди.
Спортчиларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ўз самарасини бермоқда. 2025 йилда 604 нафар (322 нафар асосий, 282 нафар захира) вилоятимиз спортчилари ўтказилган халқаро ва комплекс мусобақаларда турли спорт йўналишларида шакллантирилган Ўзбекистон миллий терма жамоалари сафида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келишди.
Маълумот учун: миллий терма жамоалар сафида 2021 йилда 373 нафар
(180 нафар асосий, 193 нафар захира), 2022 йилда 395 нафар (195 нафар асосий, 200 нафар захира), 2023 йилда 415 нафар (200 нафар асосий,
215 нафар захира), 2024 йилда 523 нафар (255 нафар асосий, 268 нафар захира) спортчилар қатнашган.
Вилоятимиз спортчилари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 1022 та медалларни қўлга киритишган. Жумладан, халқаро мусобақаларда 154 та (65 та олтин, 38 та кумуш, 51 та бронза), республика мусобақаларида 868 та (163 та олтин, 307 та кумуш, 398 та бронза) медалларига сазовор бўлган.
Амалга оширилган ишлар ва ютуқларимиз оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда ёритилиб, юқори ташкилотларга ўз вақтида ҳисоботлар тақдим этиб борилмоқда.
Албатта спорт соҳасида коррупцияга йўл қўйилмайди. Барча молиявий ишларда очиқлик ва шаффофлик таъминланади. Бугунги саъй-ҳаракатларимиз юртимизда спортнинг янада оммалашишига, жаҳон ареналарида мамлакатимиз байроғининг янада баланд ҳилпирашига ва фарзандларимизнинг бақувват, соғлом бўлиб ўсишлари, турли олимпиадалар, чемпионатлар, мусобақалар ғолиблари бўлишларига замин яратади.
Акмал АХМЕДОВ,
Миллий олимпия қўмитаси Жиззах вилоят бўлинмасининг ижрочи директори.