16 ноябрь — “Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан “Ўзбекистон — бағрикенг диёр” шиори остида юртимизда турли маънавий-маданий тадбирлар, умуммиллий-маърифий учрашувлар ташкил этилмоқда. Вилоятимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини тўлақонли бажариш ҳамда “Бағрикенглик ҳафталиги”ни юқори савияда ўтказиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, воҳамизда яшаб келаётган турли миллат ва элатларнинг кексаю ёш авлод вакиллари иштирокида Хотира хиёбонидаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ташкил этилди. Жиззах шаҳридаги “Дўстлик уйи”да “Ўзбекистон — бағрикенг диёр ва биз — бир байроқ остидаги ҳамжиҳат элмиз” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Дўстлик боғи”га қозоқ, қирғиз, тожик, рус, татар ва корейс миллий маданий марказлари фаоллари иштирокида дарахт кўчатлари экилди. Шароф Рашидов номидаги вилоят кутубхонасида “Янги Ўзбекистон китоб ва кутубхонадан бошланади” номли китоблар кўргазмаси ташкил этилиб, турли миллат ёзувчилари, шоирлари ҳамда олимларининг илмий-бадиий асарлари ҳақида маърифий давра суҳбатлари, адабий кеча ва “Бағрикенглик фестивали” ўтказилди. Бу каби байрам тадбирлари барча туман марказларида ўзига хос тарзда нишонланмоқда.
Вилоят мусиқали драма театрида ташкил этилган маънавий-мусиқий тадбирда вилоятимизда миллатлараро тотувликнинг янада мустаҳкамланишида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган қатор юртдошларимиз муносиб тақдирланишди. Шу ўринда айтиш жоизки, бугунга қадар жамиятимизда ўзаро бирдамликнинг сақланишида, диний бағрикенгликнинг тарғиб этилишида фидойилик кўрсатиб келаётган Нурали Раимов, Ойбек Бегимқулов, Муҳаббат Адилова, Назира Мухторова, Латибжон Аҳмаджонов, Меҳмон Жабборов, Фароғат Сатторова, Абдукарим Муратовлар “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони соҳибларидир. Шундай фидойи ватандошларимизнинг сафи йил сайин ортиб бораётганлиги бизга ифтихор бағишлайди.
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 хил диний конфессияга эътиқод қилиб келмоқда. Давлат таълим муассасаларида ўқиш етти тилда олиб борилади. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўн икки тилда кўрсатувлар намойиш этади, ўндан ортиқ тилда газета, журналлар нашр этилмоқда. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошида 157 та миллий маданий марказ, 16 та диний конфессияга тегишли 2300 га яқин ташкилот фаолият юритмоқда. Вилоятимиз ҳудудида эса 30 дан ортиқ миллат ва элатлар қўни-қўшни, қону қариндош бўлиб истиқомат қилишмоқда. Мирзачўл туманида корейс, қозоқлар, Зомин, Бахмал, Арнасой, Дўстлик туманларида қирғизлар, Фориш, Пахтакор, Янгиобод туманларида тожиклар, Ғаллаорол, Шароф Рашидов туманлари ва Жиззах шаҳрида турк, рус ва татар каби миллат вакиллари аҳилликда яшаб келишмоқда.
Ҳар бир халқнинг ўз тарихи, эътиқоди, асрлар давомида сайқалланиб, авайланиб келинган қадриятлари, урф-одатлари бор. Шу нуқтаи назардан “Инсон қадри учун” тамойилида, ҳар қандай шароитда инсоннинг азизлигини сақлаш, ҳурматга муносиб кўриш мақсадида ҳозирда воҳамизда 8 та ноисломий диний ташкилот ҳамда 171 та исломий масжидлар фаолият юритмоқда. Қолаверса, эътиқод эркинлиги, фуқароларнинг тенглиги Конституциямизнинг бир нечта моддаларида мустаҳкамлаб қўйилган. Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган одамлар ўзаро тинч-тотув яшаган ҳудуд бўлиб келган. Этник сабр-тоқат, бағрикенглик ҳаёт бўронларидан омон қолиш ҳамда ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланган.
Мана шундай маънавий ва маданий эркинлик имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Жиззах шаҳридаги “Ўрда экологик боғи”нинг асосий кўчасига “Ўзбекистон маданий бойлиги” номи берилиши муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Маълумки, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбекистон маданий бойлиги” кўчалари республикамизнинг барча вилоятларида ташкил этилмоқда. Эндиликда бу манзилда турли маънавий-маърифий кечалар, кўргазмалар, миллий-маданий тадбирлар ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Ишонамизки, ҳамжиҳат элимизнинг ва ёшларимизнинг юксак ютуқларига сабаб бўлгувчи дастлабки қадамлари ушбу кўчадан бошланади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда жаҳоннинг турли нуқталаридаги баъзи мамлакатларда диний, миллий ва бошқа ижтимоий-сиёсий омиллар негизида қуролли тўқнашувлар юзага келганлиги ҳеч кимга сир эмас. Оқибатда минглаб одамларнинг қурбон бўлаётгани, оғир жароҳатлар олаётгани, бошпана ва ватанларини ташлаб кетаётганлиги каби аянчли ҳолатлардан хабардор бўляпмиз. Бизнинг осойишта диёримизда орзу-мақсадларига эришиб, бахтли яшаётган қардош юртдошларимизнинг ҳамдўстлик муносабатлари тинчлигимизни янада боқийлаштиргувчи неъматдир. Мана шундай эзгу қарашлар, буюк мақсадлар Жиззах шаҳри ҳамда Хитойнинг Ланьчжоу, Тяньцзин, Хайнань шаҳарлари, Озарбайжоннинг Губа шаҳри, Россиянинг Оренбург, Омск, Ростов вилоятлари, шунингдек, Татаристон шаҳри каби хорижий мамлакатлар билан биродарлик алоқаларининг ўрнатилганлигида яққол намоёндир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган ислоҳотларимиз жараёнида жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашни энг устувор вазифаларимиздан бири этиб белгиладик”…
Саҳобиддин БОЛИЕВ,
вилоят ҳокимининг жамоат
ва диний ташкилотлар билан
алоқалар бўйича ўринбосари.