«БИТИРУВЧИЛАР ФОРУМИ» ЎТКАЗИЛДИ

Жиззах давлат педагогика университетида «Битирувчилар форуми» ўтказилди. Унда олийгоҳни сўнгги йилларда тамомлаган, айни пайтда жамиятнинг турли бўғинларида самарали меҳнат қилаётган собиқ битирувчилар қадрдон таълим масканида йиғилдилар.

Тадбир дастлаб собиқ битирувчилар ва уларга сабоқ берган  фахрий устозларни кутиб олиш билан бошланди. Бу учрашувлардан кўзланган асосий мақсад таълим тизимида қўлга киритилган улкан ютуқлар, талабаларга яратилган шароитлар билан собиқ битирувчиларни таништириш ва уларнинг шу даргоҳда таълим олиб эришган ютуқлари, қўлга киритган муваффақиятларида устозларнинг роли ва аҳамияти тўғрисида талабалар билан ўртоқлашишдан иборат.

–Жиззах давлат педагогика университети ҳовлиси бугун одатдагидан-да гавжум, –деди университетнинг матбуот котиби Гулчеҳра Шарипова. –Айниқса,  лийгоҳга юртимизнинг турли гўшаларидан 300 га яқин меҳмонлар ташриф буюришди. Қизил йўлаклардан ўтиб келаётган собиқ битирувчилар ўзлари билим олган, шўх-шодон кунларини эслаб, талабаликнинг олтин даврига тушиб қолгандек ҳаяжонда эканликларини уларнинг юз-кўзларидан сезиш қийин эмас.

Тадбир давомида меҳмонлар учун пресс-тур ташкил этилиб, унда университетда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, хусусан, янги иш бошлаган Регистратор офиси, кутубхона фаолияти ҳамда университет тузилмаси қошида ташкил этилган “Қатағон қурбонлари хотира музейи иштирокчиларга таништирилди.

– 2002 йил шу олийгоҳнинг математика ва информатика факультети талабаси бўлган йилларим ёдимга тушди,–деди Машҳура Фозилова. –Айни пайтда ўзим ҳам Чирчиқ давлат университетида талабаларга таълим берсамда жонажон воҳам ва шу илм даргоҳининг қайноқ меҳри мени ўзига тортаверади. Талабалар учун яратилган шароитлар, замонавий жиҳозланган аудиториялар кишини кўзини қувонтиради. Устозларимнинг, курсдошларимнинг дийдори, мазмунли суҳбати бизни яна узоқ вақтгача ширин хотиралар билан яшашга ундайди.

Шунингдек, собиқ битирувчилар университет талабалари билан ҳаёт йўли, тажрибалари ҳақида суҳбатлашиб, савол-жавоблар ўтказишди. Тадбир якунида олийгоҳнинг иқтидорли талабалари иштирокида меҳмонларга концерт дастури намойиш этилди.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

(“Жиззах ҳақиқати”)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *